“Сирдарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти раҳбарияти ташаббуси билан Гулистон шаҳар сув таъминоти бўлимида фаолият юритаётган 20 нафар ҳудуд назоратчиси замонавий электр скутерлар, планшетлар ва зарур техник жиҳозлар билан таъминланди. Тадбирда жамият директори Шаҳбоз Акрамов ҳамда вилоят прокуратураси масъул ходимлари иштирок этди.
Мазкур жиҳозлар сув таъминоти тизимини самарали бошқариш, назоратни кучайтириш ҳамда ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида топширилди. Шу орқали аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифати янада ошиши кутилмоқда.

– Скутерлар ходимларимизга тезкор ва қулай ҳаракатланиш имконини беради. Планшетлар эса ҳисоб-китоб ишлари, мониторинг ҳамда назорат жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилади. Бу ўз навбатида, хизмат самарадорлигини ошириб, шаффофликни таъминлайди, – деди “Сирдарё сув таъминоти” АЖ директори Шаҳбоз Акрамов.

Техник жиҳозлардан фойдаланиш орқали ходимлар хизмат кўрсатиш ҳудудидаги объектлар ҳолатини тезкор баҳолаш, маълумотларни жамлаш ва таҳлил қилиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда “Сирдарё сув таъминоти” АЖ томонидан рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий бошқарув услубларини амалиётга татбиқ этиш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири