Сув муаммоси аҳолини қийнаяпти
Ўз уй-жойига эга бўлиш, қулай шарт-шароитларда турмуш кечириш ҳар бир инсоннинг орзуси.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида аҳоли уй-жой билан таъминланиб, қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
Аммо янги ва замонавий уй-жойлар ростдан ҳам барча қулайликларга эгами?
Қашқадарё вилояти Ғузор тумани марказида жойлашган янги кўп қаватли уйларга аҳоли деярли кўчиб ўтган. Бу уйларда кўп ёш болали, ҳатто ногирон бола тарбиялаётган оилалар ҳам истиқомат қилишади.
Ачинарлиси, “Сифат, гранд, уста, меъмор” қурилиш таъмир корхонаси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилган мазкур кўп қаватли уйлар ҳамон ичимлик суви билан таъминланмаган.
Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, мазкур муаммо юзасидан туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилишган, аммо фойдаси бўлмаган. Мурожаатларидан натижа чиқмаган аҳоли уй атрофига ноқонуний равишда ҳовузлар ковлатиб, фойдаланиб келишмоқда.
–Бу муаммо, айниқса, 4-қаватда жойлашган хонадонларда қийинчилик туғдирмоқда, – дейди 1- уй 7-хонадонда истиқомат қилувчи Соҳиба Мустафоева.– Ёш болам бор, уни кун давомида бир неча маротаба ёлғиз қолдириб, пастдан сув ташишимга тўғри келади. Ҳожатхона ичкарида, бошқа эҳтиёжлар учун ҳам сув бирламчи муаммомиз.Айниқса, ёш болалар, аёлларнинг юқорига сув ташиб чиқишини кўриб, ачиниб кетаман.Ахир, бу уй учун тўловларни ўз вақтида амалга ошираётган бўлсак, муаммоларни ким ҳал этиб бериши керак?
– Мен ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман, ёлғиз онаман,– дейди 1-уй 2-хонадон соҳибаси Зийнат Қурбонова.– Янги уйга кўчиб ўтганимизга бир йилга яқинлашди.Маҳаллада ёши каттаси бўлганим учун барча ишларга ўзим бош-қош бўлишга ҳаракат қиламан. Ичимлик суви энг оғриқли масаламиз. Бу борада учрашмаган жойимиз қолмади.Фойдаси йўқ. Қизим эндигина 18 ёшга тўлди.Тикувчилик орқасидан кун кўрамиз. Аммо қизимнинг тикувчиликдан ортиб кун давомида сув ташишга кетган вақтига ачинаман.Қиз бола эмасми, жисмонан толиқиб қолади.Аммо начора, ўзим унга ёрдам беришга имконим йўқ.
– Бу каби муаммоларни ҳал этишга ҳеч қайси мутасадди ташкилот шошилмаяпти, –дейди 1-уй 20- хонадон эгаси, иккинчи гуруҳ ногирони Дилафрўз Алиқулова.– Ваъдалардан чарчадик. Қоғозда барча қулайликка эга замонавий уйларда яшаяпмиз, амалда эса ўзингиз кўриб турган ҳаминқадар шароитлар...
Уйни қуриб, битказган қурилиш таъмир корхонаси ходими мазкур муаммо карантин сабабли чўзилганини айтиб, албатта, ижобий ҳал этишга сўз берди.
Мазкур муаммо фақат Ғузор туманида эмас.Қарши шаҳри Самарқанд маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хонадонларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар аҳоли таъбини хира қиляпти. Шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган кўп қаватли уйларга ҳам ичимлик суви ўз вақтида етказиб берилмаяпти. Қиш кунлари кун ора бериладиган сув ёзнинг жазирама кунларида ҳафталаб ўчирилади.Бу ерда ҳам аҳоли ўз билганича иш тутишга мажбур бўлиб, уйларида қўлбола усулда бачоклар ўрнатишга, кўчаларда ҳовуз ковлаб, фойдаланишга мажбур бўлишмоқда.Уларнинг бу каби ишлари техник жиҳатдан қанчалик хавфли- хавфсизлиги мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилмаган.
– Шаҳар марказидан яхши ниятлар билан уй сотиб олиш учун турмуш ўртоғим билан узоқ йиллар Россияда ишлаб келишимизга тўғри келди, –дейди Камола Абдуҳалимова.– Уйни кредит эвазига олдик. Шу уй тўловларини тўлаш учун турмуш ўртоғим ҳамон Россияда оғир юмушларни бажаришга мажбур.Аммо ўз вақтида кредитни тўлаб борсак ҳам, ечилмаётган муаммолар одамга ёмон таъсир қилар экан. Бир ҳафталаб ичимлик сувсиз қолиб кетдик.Сув кўп узилиб қолганлиги сабабли, уйимизнинг том қисмига 1 тонналик бачок қўйдирганмиз. У қанчалик техник хавфсиз, бунисига жавоб бера олмайман.
Халқимиз андишали.Улардан бирор муаммо хусусида фикр олиш анча мушкул.Аммо яқинда кўрганларимни қоғозга туширмасдан туролмадим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА