Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш доирасида Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, ҳудуддаги оғир тоифага киритилган 85 та маҳаллада томорқа ерларини суғориш тизими яхшиланди. Мазкур режа учун 116 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди ва қурилиш ишлари эса деярли якунланмоқда. Масалан, Бўка туманининг энг олис ҳудуди Навобод маҳалласи оғир тоифага киритилган бўлиб, авваллари томорқа ерларида деҳқончилик қилиш учун сув танқислиги кузатилган.

Дастур бўйича маҳаллага 3 та тик қудуқ ковланиб, 150 метр чуқурликдан сув чиқарилди. Бунинг натижасида қишлоқдаги барча томорқа ерларига сув етиб борди ва булан аҳолининг деҳқончиликдан даромад олишга иштиёқи ошди. Маҳалла ҳоким ёрдамчиси Миржалол Азизовнинг таъкидлашича, ҳудудда 529 та хонадон мавжуд бўлиб, 62 гектар экин майдони мавжуд. Шундан 30 гектарида сув тақчиллиги бор эди. Эндиликда эса 35 гектар майдонга сув етарли бўлди. Томорқачилар ҳам бир йилда 2-3 марта ҳосил олишни ният қилган. Айни пайтда улар томонидан картошка, сабзи етиштирилмоқда. Бундан ташқари, 60 та томорқага иссиқхона қуруш режалаштирилган.
Сув танқислиги Жўраобод маҳалласида ҳам кўп йиллардан бери кузатилган. Сабаби айни экинни вегетация даврида керакли сув фермер хўжаликларидан ортмайди. Дастур доирасида мазкур маҳаллага ҳам сув чиқарилди ва томорқа ерларининг сув таъминоти яхшиланди.

– Сув келтирган элда азиз дейишади. Мана бир неча ўн йиллардан бери сув тўкислигини орзу қилиб, ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолибди, – дейди маҳалла нуронийларидан бири Аҳмаджон Боймуродов. – Ниятларимиз амалга ошди, маҳалламизнинг ариқлари сувга тўлди. Илгари томорқамизга эрта баҳорда бир маротаба картошка экардик. Энди икки уч маротаба ҳосил олсак бўлади. Туман деҳқон бозори сал кам 30 чақирим нарида жойлашган. Бир халта озиқ-овқат олиш учун нақд ярим кун вақтимиз кетарди. Энди мева сабзавотимиз ўзимиздан чиқади. Қолаверса, 220 нафар фуқаро иш билан банд бўлади.
Умуман олганда, дастур туфайли тумандаги 4 та маҳаллада 7 та тик қудуқ қазилди. Натижада 800 та хонадоннинг 300 гектар томорқа ер майдонида сув таъминоти яхшиланди. Ишлаб чиқилган смета ҳужжатларига асосан пудрат ишларига 35 та қурилиш ташкилоти жалб қилинди.
Жами 83 та объектда 125,1 километр суғориш тармоғи, 41 дона суғориш қудуғи, 17 дона насос агрегати, 15 дона гидротехник иншоотда қуриш ишлари тўлиқ бажарилди. Бунинг натижасида 25 минг 518 нафар аҳоли томорқаларида суғориш тизими тикланди. Ҳисоб-китобларга қараганда, энди мазкур ҳудудларга сув етиб бориши қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосилдорлик салмоғини икки баробар оширади.
А.Мусаев, ЎзА.