Сув истеъмолида исрофгарчиликка чек қўйилади
Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши сувга бўлган талабни тобора ошириб, тириклик манбаи ресурсларининг тақчиллигини юзага келтирмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга қаратилаётган эътибор обиҳаёт тақчиллигини юмшатишга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ҳам аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш учун кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланиб, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тўпаланг сув омборидан олиб келинаётган минералларга бой ичимлик суви 500 га яқин маҳалладаги 1 миллион 700 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик сув муаммосини ҳал этади. Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласи ҳудудида қазилаётган артезиан қудуқлари тўлиқ ишга тушса, вилоят маркази ва Термиз туманидаги 62 минг истеъмолчининг ичимлик сув таъминотини тубдан яхшилайди. Шунингдек, жойларда артезиан қудуғи қазилиб, аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, эскирган сув миноралари ва сув қувурларини янгилаб, истеъмолчиларга сифатли об-ҳаёт етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Ислом тараққиёт банки иштирокида “Ҳазарбоғ–Оққапчиғай каналлар тизимини қайта тиклаш” лойиҳаси экин сувларини исроф қилмаслик ва каналлар ҳажмини кенгайтириб, уларнинг сув ўтказиш қобилиятини яхшилашда муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиянинг учинчи йўналишида айнан сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишдек муҳим вазифа белгилангани ҳам юртимизда сув тақчиллигининг олдини олишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Стратегияда сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, тупроқ қопламали каналларни бетон қопламага ҳамда ички суғориш тармоқларининг ёпиқ қувурли суғориш тизимларига ўтказиш бўйича етти йиллик дастур доирасида ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти кўрсаткичини 0,73 гача етказиш белгиланган.
Албатта, сув сарфини бесамар кетказмаслик учун узоқ муддатга мўлжалланган сув ресурслари баланси ишлаб чиқилиб, доимий тизимли мониторинг ўрнатилади. Сувни қайта ишлаш, етказиш ва тақсимлаш тизимида камчиликлар мавжудлиги эътиборга олиниб, бу жараёнга эндиликда хусусий сектор ҳам жалб этилади. Сувни қайта ишлаш ва етказиш технологиялари янгиланади. Қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масаласида фаол икки тарафлама манфаатли ҳамкорлик давом эттирилади. Оби–ҳаётни исроф қилмай фойдаланишда замонавий сув тежовчи технологияларни қўллаш энг оқилона йўл. Шу боис дунёда айнан шундай технологияларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Стратегияда уларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг йиллик қувватини 300 минг гектарга етказиш, барча ичимлик сув истеъмолчиларига ҳисоблагичлар ўрнатиш, яна ирригация тизимини модернизация қилиш ва бетон қопламали каналлар улушини 46 фоизгача ёки 13,2 минг километрга ошириш кўзда тутилаётгани бу борада яхши натижа беради. Маълумки, мамлакатимизда сув ресурслари уч хил мақсадга, жумладан, аҳоли учун тоза ичимлик суви ва ишлаб чиқариш корхоналари таъминотига, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга йўналтирилади. Бу тармоқларнинг барчасини оби-ҳаёт билан таъминлаш муҳим масала. Хўш, бунинг учун сув ресурслари қандай шаклланади? Айтиш керакки, дарёларда тўпланадиган сувлар, табиий ёғингарчилик, ер ости сувлари — бизнинг энг асосий сув манбаимиздир. Демак, ўз-ўзидан асосий мақсад ана шу манбаларни тўлиқ назоратга олиш, улардан ишлаб чиқарилаётган тоза сув ҳажмларини кўпайтириш, энг муҳими, сув истеъмолида юзага келган тартибсизлик ва исрофга чек қўйишдан иборатдир. Сув исрофгарчилигининг олдини олиш, юртдошларимиз онгу шуурида сувдан тежаб фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳар бир кишининг, жамоат ташкилотлари вакилларининг муҳим бурчларидан бирига айланиши лозим. Шу маънода партиямиз электорати бўлган тадбиркорлик субьектлари, фермерлар ва деҳқон хўжаликларида тарғибот тадбирларини олиб боришни ҳам мақсад қилиб олганмиз. Мавриди келганда айтиш лозимки, сув манбалари Ўзбекистондаги экотизимлар, жумладан, дарёлар, кўллар ва сув омборлари учун муҳим аҳамиятга эга. Олам тириклигини таъминловчи бу ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва уларни бошқариш биологик хилма-хилликни сақлашга, сув ифлосланишининг олдини олиб, экотуризмни ривожлантириш имконини беради. Сувни тежаш мамлакатга иқлим ўзгаришига мослашиш ва ичимлик сувининг камайиши, ёнғин ва қурғоқчилик хавфининг ошиши каби салбий таъсирларни юмшатишда муҳим омил бўлади. Стратегияда белгиланган вазифалар ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилгани аҳамиятлидир.
Алишер Рўзиев,
ЎзЛиДеП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати
ЎзА