Сусткашликка йўл қўйилган
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева бошқарган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тузилган Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
– Республикамизда барча соҳаларда бўлгани каби одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоялаш, ижтимоий реабилитация қилиш, уларга турли ёрдамлар кўрсатиш ҳамда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, меҳнат қонунчилигини таъминлаш, бу борада миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Аммо Миллий комиссия ҳамда унинг таркибидаги кичик комиссияларнинг қисқа муддатли фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳали бу борадаги ишларни тўғри ташкил қилдик дея олмаймиз, – деди Сенат Раиси.
Ташкилий жиҳатдан кичик комиссиялар ишини тўғри йўлга қўйишдаги ишлар ҳали талабга жавоб бермайди. Айниқса, Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия фаолияти қониқарсиз аҳволда, белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажаришга эътиборсизлик билан қаралмоқда.
Масалан, жорий йилнинг 3 августида ўтказилган Миллий комиссиянинг йиғилиши баёнида 20 августга қадар кичик комиссияларнинг низомини ҳамда 2019-2020 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш топширилган эди. Аммо Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия томонидан ушбу вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.
Шунингдек, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги мавжуд қонунчиликни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишларда ҳам сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Масалан, Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармонида Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган “Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини киритиш топширилган.
Аммо белгиланган муддат ўтган бўлишига қарамасдан ҳали қонун лойиҳаларини тегишли вазирлик, идоралар билан келишиш ишлари якунига етказилмаган.
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишида республика бўйича самарали натижаларга эришилгани қайд этилди. Хусусан, болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштиришда катталарнинг мажбурий меҳнатидан тизимли фойдаланишга чек қўйилди.
Аммо ҳали ҳам бу борада жойларда муаммолар учраб турибди. Айниқса, бугунги кунда долзарб бўлиб турган пахта йиғим-терими мавсумида болаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганлигини ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларда кўриш мумкин.
Президент Администрациясининг 2019 йил 24 августдаги топшириғига асосан бир ойда Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, “Cotton Campaign” ва “Human Rights Watch” халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда, одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмаган.
“Йўл харитаси”нинг лойиҳаси муддати ўтиб бўлгандан кейин Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳеч бир ташкилот билан келишилмаган ҳолда Миллий комиссияга номигагина киритиб юборилган.
Йиғилишда хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.
Фуқароларимиз ўзи ташриф буюрган давлатдаги дипломатик ваколатхоналарда рўйхатдан ҳам ўтмайди. Қачонки, ушбу давлатда маълум бир муаммога дуч келгандан кейингина мурожаат қилади. Аммо ваколатхоналарнинг мураккаб вазиятга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий имконияти етарли эмас.
Шунингдек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш, аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.