ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугунги қаҳрамонимиз ердан баландда, мисоли киприкдек кўринадиган дор устида юриб, югуриб, акробатик машқларни бажариб, элни хушнуд этиб келаётган уста-дорбоз Алишер Қодиров. Устани Сурхондарё воҳасида танимаган ёинки санъатидан баҳраманд бўлмаган киши бўлмаса керак.
Ўқитувчи оиласида туғилиб вояга етган қаҳрамонимизнинг мақсади аввалига устоз-мураббий бўлиш эди. Бироқ тўйларнинг бирида уста-дорбозлар Жўрахўжа ва Эргашхўжа Норхўжаевларнинг тош кўтариб, туя-ю отларни даст кўтариб, маҳорат билан томоша кўрсатаётганини кўриб, юрагига бир ўчмас аланга кирди. Дорбозларга шогирд тушиб, санъат сирларини эгаллади. Ҳам ўқитувчилик, ҳам дорбозлик қила бошлади. Жисмоний тарбиядан сабоқ бергани эса дорбозлик ўйинларида қўл келди. Чапдастлик, чайирлик касбига хос эди-да. Айни вақтда қаҳрамонимиз Термиз шаҳридаги 1-Маданият марказида ҳам фаолият юритади.
Уста-дорбоз 2014 йилда “Сурхон дорбозлари” оилавий жамоасини тузди. Ушбу жамоа Сурхондарё вилоятининг миллий дорбозлар жамоаси бўлиб, улар ўзининг ноёб томошалари билан машҳур. Ушбу жамоа халқимизнинг қадимий урф-одатларини сақлаб қолиш ва ёш авлодга етказиш мақсадида фаолият юритади.
[gallery-23141]
2020 йилда “Сурхон дорбозлари” Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан “Сурхон халқ ҳаваскор дорбозлари жамоаси” унвони билан тақдирланган. 2024 йилда жамоа “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида “Энг ноёб халқ томошаси” номинациясида ғолиб бўлди. Шунингдек, “Сурхоним мард ўғлонлари” миллий дорбозчилар жамоасида “Миллий урф-одатларнинг энг яхши талқини” номинацияси билан мукофотланди.
Жамоа ўз томошаларида дорбозлик санъати, масхарабозлик, гипноз ва телепатия каби элементларни намойиш этади. Улар томошабинларни ҳайратга соладиган томошалар билан танилган.
Баландлиги 5 метрни ташкил этувчи дор кичик, 12 метр баландликдагиси эса катта дор саналар экан. Кичик дорнинг эни 5 сантиметр бўлса, катта дор учун 12 миллиметрлик арқон стандарт қилиб белгиланган. Кичик дорда ҳеч қандай ҳимоя камарларисиз, катта дорда эса хавфсизликни таъминлаш мақсадида дорбознинг бел қисмидан махсус ҳимоя камарлари тақилади.
– Шу кунгача дор ўйнаб, бирор марта муваффақиятсиз намойишга дуч келмаганим касбимни ниҳоятда севишим, тинимсиз машқлар қилиб, ҳар бир томошага пухта тайёргарлик кўришимдан, - дейди Алишер Қодиров. – Дор устида юриш кишидан чаққонликни талаб этади. Баъзан арзимаган хатога йўл қўйиб, ролимдан адашиб кетсам ҳам буни томошабинга билдирмасликга уринаман, ҳаракатларим билан уни дарҳол тўғрилаб кетаман. Чунки сизга қизиқиш билдирган, гўзал санъатни томоша қилишга келган томошабинга номукаммал ижрони тақдим этиш қадриятларимизга, мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик, деб биламан.
Айтиш керакки, миллий дорбозлик жуда мураккаб, ўз навбатида энг ноёб ва жозибадор санъат туридир. Турли байрамларда, фестивалларда ушбу даврага кўтаринки руҳ бағишлаши билан қадрланади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА