Сурхондарёнинг мафтункор табиат манзаралари
Сурхондарё вилоятидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг "Сурхон" давлат қўриқхонаси Шеробод тумани Кўҳитанг тоғ ёнбағрида жойлашган.
Жазирама ёз тафти теварак-атрофни чўғдек қиздираётган шу кунларда ҳам яшил макон ўзининг салқин, ёқимли ҳавоси, муздек зилол сувлари, ранг-баранг ўсимлик ва ҳайвонат дунёси билан ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади.

23 минг 802 гектар майдонга эга қўриқхонанинг 12 минг 239 гектардан ортиғи турфа яшил бойлик билан бурканган. Денгиз сатҳидан 850 метрдан 3 минг 137 метргача баландликдаги ҳудудда 900 дан зиёд турдаги ўсимликни учратиш мумкин.

Сурхондарё вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати ЎзАга тақдим этган мазкур суратларда ҳам қўриқхонанинг муъжизага бой табиат манзаралари акс этган. Қўриқхонага келиб, табиат ином этган бу гўзаллик ифоридан бир зум тўйиб нафас олган киши ёз чилласини ҳам, чарчоқларини ҳам беихтиёр унутади. Руҳияти кўтарилиб, ўзини енгил, тетик ва мағрур ҳис этади.

Шунингдек, осмонўпар тоғлар қўйнидаги Бойсун ўрмон хўжалиги “Юқори мачай” бўлимининг мафтункор табиати ҳам шу кунларда кишига ўзгача завқ, ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати томонидан суратга олинган бу манзаралар инсонни гўзал табиат билан дўст тутиниб яшашга ундайди.





Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА