Мамлакатимизда январь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилаётган “Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида сурхондарёлик ўқувчилар ва йигит-қизлар учун юртимизнинг турли ҳудудларига мароқли саёҳатлар уюштирилмоқда.
Мактабларнинг ўқувчилари вилоятдаги тарихий обидалар ва археологик ёдгорликлар билан яқиндан танишиб, буюк аждодларимиз хоки мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилмоқда.
Талабалар, маҳаллалар ёшлари Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий обидаларга бой шаҳарларда бўлиб, ҳафталикни юқори савияда ўтказаётир. Масалан, қишки таътил кунлари вилоятдаги бошқа тенгдошлари сингари тоғли Бойсун туманидаги 36-, 39- мактабларнинг ўқувчилари ҳам Термиз шаҳри ва Шеробод туманида бўлиб, диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди. Бандихон тумани маҳаллаларининг бир гуруҳ фаол ёшлари Бухоро ва Хива шаҳарларини томоша қилиб қайтди. Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали талабалари эса ҳафталик доирасида Тошкент ва Хива шаҳарлари бўйлаб саёҳатда бўлди. Бўлғуси шифокорлар пойтахтимиз ва Хива шаҳарларидаги тарихий обидаларни зиёрат қилиб, кейинги йилларда бунёд этилган янги иншоотлар билан яқиндан танишди. Кўп минг йиллик тарихга эга шаҳарларни мириқиб томоша қилди.
– Президентимизнинг 2022 йил 30-апрелдаги “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ҳафталик олий таълим муассасалари талабалари, мактаб ўқувчилари, маҳаллалардаги ёшлар ва ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг мавсумий имтиёзли туристик пакетлар асосида диққатга сазовор жойларга мазмунли саёҳат қилишига кенг имконият яратди,–дейди вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Шуҳрат Ибрагимов.¬ Шунингдек, ҳафталик давомида маданий мерос объектлари, музейлар, театр ва кинотеатрларга ёшларнинг жамоавий бориши ташкил этилмоқда. Тарихимизни жонли кўрсатувчи театрлаштирилган томошалар намойиши, “Ёшлар туризми карвони” лойиҳаси, китобхонлик кунлари ўтказилаётгани ҳам аҳамиятли бўлмоқда.
Вилоятда “Ёшлар туризми ҳафталиги” давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири