Сурхондарёлик ғаллакорларнинг шашти баланд
Сурхондарё вилоятида ғалла ўрим-йиғимини бошлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ўрим олдидан ҳудудларда секторлар, ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, фермерлар, машина-трактор парклари мутасаддилари, тажрибали мутахассислар ва механизаторлар иштирокида кўргазмали семинар ташкил этилиб, техникаларнинг мавсумга шайлиги кўздан кечирилаётир. Механизаторларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, иш ҳақи учун бўнак пуллари берилмоқда.
Вилоят деҳқонлари об-ҳаво ноқулай келган жорий йилги мавсумда 89 минг 325 гектар майдонда ғалла майсаларини парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Бунинг учун сув тақчиллиги кузатилаётган йилда оби-ҳаётдан тежаб фойдаланди. Ғалла майдонлари сифатли суғорилиб, суспензия усулида озиқлантирилди. Зараркунандаларга қарши ишлов берилди.
Ғалла етиштиришда бой тажрибага эга воҳа миришкорлари тўпланган ҳосилни исроф қилмай, тез кунларда йиғиштириб олиш учун 141 та ўрим-йиғим отряди ташкил этиб, мавсумда амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди. 283 та замонавий комбайн ва дон ташийдиган техника воситалари мавсумга тахт қилиб қўйилди.


Музработ тумани ғаллакорлари 10 минг 700 гектар майдонда кузги бошоқли дон парваришлади. Пишиб етилаётган донни нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб олиш учун 13 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилди.
Музработ дон қабул қилиш шохобчасида ўтказилган семинарда ҳосилни тез ва сифатли ўриб-йиғиб олиш, дон сақлаш шоҳобчаларига етказиб бериш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Комбайн ва ташиш техникларининг мавсумга шайлиги кўздан кечирилди. Ёқилғи-мойлов материалларида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, ғалла ўрим отрядларини ётоқхона, самовар, қозон, ўчоқ, телевизор, кўрпа-тўшак ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш, ювиниш хоналарида барча шароитларни яратиб беришга эътибор қаратилди. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтиришлар бериб, тегишли йўриқномаларни тарқатди.
Бу йилги мавсумда туманда бошоқли дон экинларини қисқа кунларда ўриб-йиғиб олиш учун 30 та юқори унумли ўрим комбайни ва 150 дан ортиқ дон ташиш техникаси шай қилиб қўйилди.
Мавжуд ғалла майдонларининг ҳар гектаридан 31,2 центнердан хирмон кўтаришни режалаштирган музработлик ғаллакорлар қабул пунктларига 33 минг тоннадан зиёд сара дон етказиб беради.
Вилоятнинг бошқа туманларида ўтказилган кўргазмали семинарларда ҳам мавсумда барча юмушларни сифатли ташкил этиш, механизаторларнинг унумли меҳнат қилиши учун зарур қулайликларни яратиш, ўрим-йиғимда исрофгарчиликка йўл қўймаслик масалалари муҳокама этилди. Техникаларнинг мавсумга шайлиги кўздан кечирилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Денов тумани бошоқли дон парваришлаш ва йиғиштириб олишда етарли тажрибага эга. Айни пайтда миришкор фермерлар пишиб етилаётган 10 минг 983 гектар майдондаги ғалла ҳосилини йиғиштириб олишга алоҳида тайёргарлик кўрди. Бунинг учун 41 та замонавий комбайн жалб этилади. Ўрим-йиғимга киришиш олдидан комбайнчи ва ёрдамчилари муносиб рағбатлантирилиб, иш ҳақи учун аванс пуллари, озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.


Жарқўрғон туманида қарийб ўн минг гектар майдонда бошоқли дон парваришланди. Туман ғаллакорлари яқин кунларда ўрим-йиғимни бошлайди. Туманнинг Олтин тепа маҳалласидаги “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалиги 30 гектар майдонда бошоқли дон етиштирди. Тажрибали ғаллакор ҳар гектар майдондан 70 центнердан ҳосил олишни режалаштирмоқда.
–Дон ризқимиз, дастурхонларимиз файзи, – дейди “Камола Камолбек Қуюн” фермер хўжалиги раҳбари И.Мўминов.– Ғалла майсалари парваришталаб ўсимлик. Уни ўз вақтида суғориб, озиқлантирган деҳқоннинг косаси қуруқ қолмайди. Мана, ўтган йил эрта кузда сифатли шудгорланган майдонларга буғдой уруғини сепиб, бир текис ундириб олган эдик. Уни меҳр билан парваришладик. Вақтида суғориб, озиқлантирдик. Натижада мўл ҳосил тўпладик. Бу йил мавжуд ғалла майдонимиздан йиғиб олинадиган сара доннинг қарийб 100 тоннасини қабул пунктларига топширамиз. Шунда ҳам 110 тоннадан ортиқ дон ўзимизда қолади. Ғалладан бўшаган майдонларни эса иккинчи экинга ерёнғоқ экиш учун 100 нафар ишсиз аҳолига 10 сотихдан бўлиб бермоқчимиз.


Бошоқли дондан мўл ҳосил тўплаган ғаллакорларни олдинда ҳосилни тез кунларда сифатли ўриб-йиғиб олиш мавсуми кутмоқда. Ғалладан бўшаган майдонлар эса пешма-пеш шудгорланиб, такрорий экин экишга ҳозирланади.
Жорий йилда жанубдаги вилоят ғаллакорлари мавжуд майдонлардан 685 минг тоннадан ортиқ сара дон йиғиб олишни мўлжалламоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА