Сурхондарёда янги хусусий клиника иш бошлади
Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласида “Avitsenna impuls” хусусий клиникаси фойдаланишга топширилди.
Янги тиббиёт муассасасини “Термиз Бойсун Қурилиш” масъулияти чекланган жамияти собиқ “Дўстлик” хўжалиги идорасини Давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармасидан 1 миллиард 200 миллион сўм инвестиция киритиш ва 22 та янги ишчи ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматда харид қилиб, бунёд этди.

– Клиникамиз хорижнинг энг замонавий тиббий ускуналари билан жиҳозланган, – дейди бош шифокор Абдулла Жумаев. – Юрак-қон томир, нафас тизими, эркаклар ва аёллар бепуштлиги, овқат ҳазм қилиш органлари, ўт, жигар, буйрак ревматик, эндокрин каби касалликларни даволаш учун барча шароит яратилган. Бўй ўсмаслиги ва ортиқча вазн бўйича ҳам аниқ ташхис қўйиб, самарали даволаш имконияти мавжуд. Беморларга соҳанинг малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари сифатли хизмат кўрсатади. Мижозлар ультратовуш текшируви, ЭКГ, клиник ва биохимик текширувлар, ИФА, физиотерапия бўлимлари хизматидан фойдаланиши мумкин. 40 ўринли стационар-умумий терапия бўлимимизда даволанувчилар учун икки кишига мўлжалланган кенг, ёруғ хоналар қурилиб, барча қулайлик яратилган.

“Термиз Бойсун Қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бу ерга икки йилда 6 миллиард 540 миллион сўм инвестиция киритиб, эски иншоот ўрнида икки қаватли янги бино барпо этди. Хорижнинг тиббий дастгоҳ ва ускуналари билан жиҳозлаб, беш шифокор, ўн ҳамшира ва ўн нафар бошқа ходимни иш билан таъминлади.

Янги тиббиёт муассасасининг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА