Олтинсой туманидаги “Хўжаипок” санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуасида тиббиёт форуми ўтказилди.

Унда Сурхондарё вилоятидаги даволаш профилактика муассасалари раҳбарлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг даволаш ишлари бўйича биринчи ўринбосарлари, бош ҳамширалар ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида жойлардаги имкониятларни юзага чиқариб, туризм йўналишларини кўпайтириш, сайёҳларга шароитларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилиб, муҳим вазифалар белгиланди.

Сурхондарё вилоятида туризмнинг кўплаб тармоқлари, жумладан, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун катта имконият мавжуд. Воҳа сўлим тоғлар қўйнидаги Омонхона, Хўжамайхона, Хўжаипок, Ўринбулоқ каби маъданли сувлари билан танилган. Мутахассисларнинг фикрича, биргина Олтинсой туманидаги Хўжаипок олтингугурт суви ўн бешдан ортиқ оғир, ўткир ва юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Табиий самарали восита сифатида таянч ҳаракат тизими, акушер-гинекологик касалликлар, асаб тизими, жигар, буйрак, тери таносил ва бошқа хасталикларни даволашга кўмаклашади.

Турли минералларга бой Омонхона булоғи суви истеъмол қилинганда ўт сурувчи, сийдик ҳайдовчи, қон босимини тушириш хусусиятига эгалиги, сурункали гепатит, сурункали холецистит (ўт пуфаги йўлларининг яллиғланиши), ошқозон-ичак тизимида учрайдиган гастрит, дуоденит, колит, қандли диабет, ошқозон ости безининг яллиғланиши (панкреатит), хафақон (қон босими) ва бошқа касалликларларга даволиги билан дунёга танилган.
Саломатлик жонкуярларини бир жойда жамлаган тадбирда Бойсун ва Олтинсой туманларида замонавий санаторий-курорт зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари дастури ижросини таъминлаб, тиббиёт туризмини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий тиббий диагностика хизматларини янада ривожлантириш, шифобахш сувлар қаторига киритилган санаторий-соғломлаштириш аҳамиятига молик сувлардан фойдаланиш тартиби, тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг давлат тили ва хорижий тилларда ягона реестрини шакллантириб, доимий янгилаб бориш, тиббий хизматлар сифатини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
– Тиббиёт туризмини янада ривожлантириш учун катта салоҳият бор, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Самадов. – Бунга қўшни давлатлардан келиб, шифобахш сувлардан баҳраманд бўлаётган, шунингдек, сўлим масканларимизда мароқли дам олиб, соғломлашаётган сайёҳлар сафи кенгайиб бораётгани яққол далилдир. Бу имкониятдан янада самаралироқ фойдаланиш учун хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, келувчиларга қулай шароитлар яратишга эътиборни кучайтириш, тарғибот ишларини кенгайтириш зарур.
“Хўжаипок” маъданли шифобахш суви Олтинсой туманининг осмонўпар тоғ бағридан сизиб чиқади. Бу сувдан оқилона фойдаланиш учун туман марказида замонавий санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси бунёд этилган. Тоғ қўйнидан 26 километр масофага пластик қувур тортилиб, шифобахш сув туман марказига олиб келинган. Замонавий санаторий дунёда олтингугуртли сув билан даволашга ихтисослашган бешинчи сиҳатгоҳ саналади.
Тадбирда “Хўжаипок” санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси раҳбари И.Мардаев иштирокчиларга аҳолини соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган замонавий услублар, жумладан, дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва қулайликлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Кўп қаватли 200 ўринли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш масканида маданият саройи, 10 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, ошхона мавжуд. Турли рангда жилоланадиган фаввора қурилган. 20 дан ортиқ физиотерапевтик даволашга мослаштирилган замонавий ускуна, шунингдек, УзИ, ЭКГ ва лаборатория жиҳозлари ўрнатилган. Фитобар, ёпиқ бассейн даволанувчилар хизматида. Бу ерда кардиологик, неврологик, таянч ҳаракат, гинекологик, стоматологик, урологик ва бошқа касалликларга даволаниш учун барча шароит яратилган. Ҳудуддаги муқаддас қадамжолар ва сўлим тоғ қўйнига саёҳатлар уюштириш йўлга қўйилган.


Форумда тиббиёт туризм кластери фаолиятини, махсус тиббий ва соғломлаштириш туризми маршрутларини кенгайтиришда хориж тажрибасини чуқур ўрганиш, тиббиёт ходимларининг аҳолини соғломлаштиришида санаторийлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири