Сурхондарёда шоли экиш бошланди
Президент қарори– амалда
Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида “SCT cluster sholi” масъулияти чекланган жамияти янги ўзлаштирилган ерларга шоли экмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “SCT cluster sholi” масъулияти чекланган жамияти ўтган йили Амударё қирғоқларидаги қаровсиз ер майдонларидан 4 минг гектар ерни ўзлаштириб, кластер усулида шоли етиштиришни йўлга қўйган эди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам янги ўзлаштирилган ерларда озуқабоп, доривор, мойли, дуккакли, ғалла, сабзавот, полиз экинлари экиш, интенсив боғ ва узумзорлар барпо этиш билан бирга шоли парваришлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, рентабеллик даражасини кескин ошириш истиқболлари белгилаб берилган. Тумандаги чегараолди ҳудудларидан 20 минг гектардан ортиқ майдон босқичма-босқич ўзлаштирилиб, шоли етиштиришнинг жорий этилаётгани халқимизнинг тинч, тўкин, фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.

Бу йил тажрибали шоликорлар қарийб беш минг гектар майдонда “Лазер”, “Аланга” ва “Гулистон” навли шоли уруғларини экиб, мўл ҳосил олишни режалаштирмоқда. Келгуси икки йилда сифатли гуруч олинадиган майдонлар ўн минг гектарга етказилади.
Шоли парваришланган илк йилда миришкорлар мавжуд майдонлардан 20 минг тоннадан зиёд хомашё олиб, истеъмолчиларга 10 минг тоннадан ортиқ гуруч етказиб берган бўлса, бу йилги мавсумда 15 минг тоннага яқин гуруч ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Шоли – кўпроқ сув талаб қиладиган нозик ўсимлик. Сайёрамизда иқлим ўзгариб, оби ҳаёт тақчиллиги йил сайин муҳим масалага айланаётган айни пайтда тўйимли озиқ-овқат маҳсулоти – шоли етиштиришда ҳам қатор муаммолар юзага келди. Шунинг учун жаҳонда гуручга бўлган талаб ўсиб бораётгани кузатилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, Сурхондарё вилоятида ўтмишдан шоли етиштирилган. Олимлар воҳада шоли парваришлаш деҳқончиликнинг энг қадимги турларидан бири бўлганини аниқлаган. Жумладан, қадимшунослар Амударёнинг шимолий қирғоқларида олиб борган археологик қазишмалари чоғида топган гуруч қолдиқлари эрамиздан аввалги 236-194 йилларга тўғри келгани ва бу дунёда шоли етиштиришнинг илк бошланиш даври сифатида қайд этилгани айтилади.

Ўтган асрларда ҳам Сурхондарёда етиштирилган шоли бошоқлари бўлиқ ва гуручи ширали бўлгани билан истеъмолчиларда катта қизиқиш уйғотган. Кекса шоликорларнинг фикрича, гуручнинг ўта сифатли ва тўйимлилиги майсаларнинг иссиқ қуёш нуридан баҳра олиб, минералларга бой оби ҳаётга тўйиниб ривожланишига бевосита боғлиқдир. Лекин узоқ йиллар вилоятда шоли парваришлаш эътибордан анча четда қолиб, бу экинни кенг майдонларда етиштириш йўқ бўлиб кетаётган эди.
Гуручнинг қадимий маскани бўлган воҳада шоличиликнинг кластер усули жорий этилгани энг харидоргир шоли навларини экиб, парваришлаш ва уни замонавий корхонада қайта ишлаб, ички бозорда гуруч нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шоликорлар ўзлаштирилаётган янги ерлардан оқилона фойдаланиш учун ўтган йили мавжуд майдонларнинг 830 гектарига ғалла уруғи сепиб, бир текис ундириб олган эди. Шу кунларда кластер ғаллакорлари етиштирилган ҳосилни ўриб-йиғиб олишга ҳам пухта тараддуд кўрмоқда.
Музработ тумани ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шу кунгача Амударёнинг чегараолди қирғоқларидаги 1 минг 600 гектардан ортиқ майдонга шоли уруғи сепилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири