Тиббиёт ходимларининг касб байрами муносабати билан Термиз шаҳридаги “Олмос” тўйхонасида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда кейинги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлашга йўналтирилаётгани алоҳида таъкидланди. Юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатишга эътибор кучайтирилаётгани қайд этилди. Бу жараёнда Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш соҳаси катта ўзгариш ва янгиланишларга юз тутди. Хусусан, сўнгги уч йилда воҳада 50 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, оилавий поликлиника ҳамда 237 та олис ва чекка ҳудудда “Маҳалла тиббиёт пункт”лари ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига замонавий тиббий асбоб-ускуна билан жиҳозланди. Бундай улуғвор иш ҳудудларда яна 350 мингдан ортиқ аҳолини қўшимча бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга қулай муҳит яратди. Оилавий поликлиникаларда 1 минг 600 дан ортиқ кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиб, 94 мингга яқин киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.

Вилоятда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатишни “маҳаллабай” ташкил этишда “Сурхондарё тажрибаси” ва аҳолининг саломатлик кўрсатгичларини баҳолашда “Ангор тажрибаси” яратилди. Энг малакали шифокорлар иштирокида бепул тиббий кўрик ўтказиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касаллик аниқланган беморларни амбулатор ва стационар даволаш анъанага айланди. Жорий йилда ҳам вилоят ҳудудларида ўтказилган саломатлик акциялари доирасида 10 минг киши амбулатор ва 3,5 минг бемор стационар шароитда соғломлаштирилди.

Тантанали тадбирда Президентимизнинг “Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган сурхондарёлик шифокорларга орден ва медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ энг фидойи тиббиёт ходимлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирланди.

Саломатлигимиз посбонларининг байрам тадбири пойтахтдан келган ва вилоятнинг хушовоз санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар билан якунланди.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири