Муборак Рамазон ойи муносабати билан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва туманларидаги марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозорларида арзонлаштирилган махсус савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида саховат, эзгулик ва барокатли ойда иш бошлаган ярмаркаларда асосий турдаги сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда савдога чиқарилиб, бозорларда нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олди олинмоқда.

– Ойларнинг султони моҳи Рамазонда бу каби савдо расталарининг ташкил этилгани ҳам сўнгги йилларда юртимизда меҳр-оқибат ва саховат каби юксак фазилатларимизнинг кенг намоён бўлаётгани самарасидир, – дейди термизлик Музаффар Турсунов. – Термиз шаҳридаги “Яшил дунё” марказий деҳқон бозоридан савдо қиламиз. Муқаддас ойда бозорда иш бошлаган савдо ярмаркасида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи анча арзонлиги бизга манзур бўлди. Мол гўшти, картошка ва турли мевалардан харид қилдик. Барча маҳсулотларнинг сифати ҳам кўнгилдагидек экан.

Вилоятдаги бозорлар ҳудудида Муборак ойда санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш, савдо расталарининг тозалигини сақлаш ҳамда сотувчи ва харидорларга қулай шароитлар яратиш, арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Арзонлаштирилган махсус савдо ярмаркалари Рамазон ойида узлуксиз фаолият юритади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири