Сурхондарёда қарздорнинг “Спарк”и хатланди
Термиз шаҳрида яшовчи А.Абраев чорвачилик учун тижорат банкидан кредит олиб, фойдаланган.
Бироқ шартнома шартларини ўз вақтида бажармагани учун 30 миллион сўм қарздорликни мажбурий тартибда ундириш юзасидан ўтган йил декабрь ойида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган. Мазкур ҳужжат Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.
А.Абраевнинг мол-мулклари кўздан кечирилганда, унинг “Спарк” русумли автомашинаси борлиги аниқланиб, у қасддан яширгани маълум бўлган. Шундан сўнг давлат ижрочисининг қарори асосида МИБ вилоят бошқармаси ва давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги органлари ҳамкорлигида қидирув эълон қилингач, автомашина топилиб, хатловга олинган. Шу куни А.Абраев қатъий огоҳлантирилиб, белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, автомашина электрон онлайн аукцион орқали сотувга чиқарилиши тушунтирилди.
Айни пайтда А.Абраев “Спарк”дан ажралиб қолмаслик учун тижорат банки олдидаги қарздорликни тезроқ сўндириш йўлларини изламоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА