Термиз шаҳрида Президент мактаби фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Президент мактаби педагоглари ва ўқувчилари, нуронийлар ва ўқувчиларнинг ота оналари иштирок этди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон Республикаси Президенти таълим муассасалари агентлиги директори Ҳилола Умарова, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатовлар сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар чуқур билимга эга, ҳар тарафлама баркамол ёш авлодни тарбиялашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Хорижникидан қолишмайдиган барча замонавий шароитларга эга Президент мактаблари ҳам энг иқтидорли ва билимга чанқоқ ўғил-қизлар учун кенг имкониятлар эшигини очгани қайд этилди.
Термиз шаҳрининг қоқ марказида қад ростлаган муҳташам таълим муассасаси 168 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда ўқувчиларнинг фан сирларини мукаммал эгаллаши учун барча қулайлик яратилган. Синфхоналар энг сўнгги русмдаги замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Юқори тезликка эга интернет тармоғига уланган.
Салобатли таълим муассасасида қурилган спорт ва бошқа тадбирлар ўтказиладиган заллар, ошхона, ётоқхона каби қўшимча хоналар ҳам юксак дид билан жиҳозланган.
Вилоятда бунёд этилган янги таълим муассасасига ўқишга кириш учун жорий йилда ўтказилган илк тест синовларига 9 минг 676 нафар иқтидорли ўқувчи ҳужжат топширди. Ёки бир ўринга ўртача 67,7 нафардан талабгор тўғри келди. Уларнинг энг юқори балл тўплаган 144 нафари мактабнинг 5-,6-,7-,8-,9-,10 синфларига ўқишга қабул қилинди.
–Иккинчи ўғлим Дилшоджон Эргашев ахборот технологияларига жуда қизиқади, – дейди термиз шаҳрилик Турсоат Ибрагимов.– Шунингдек, бошқа фанлар билан бирга инглиз тилини ҳам чуқур ўрганмоқда. Бошқа ёшлар қатори у ҳам Президент мактабида ўқиш истагини билдириб, ҳужжат топширган эди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, шу мактабнинг илк ўқувчилари сафидан ўрин олди. Гапнинг очиғи, янги таълим муассасасида фарзандларимиз учун яратилган шароитларни кўриб бошимиз осмонга етгудек бўлди. Фарзандларимиз бахту-иқболи ва мамлакатимиз равнақи йўлида кўрсатилаётган бундай эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.
Дарслар инглиз тилида ўтиладиган мазкур мактабда ўқувчиларга энг тажрибали 12 нафар хорижлик ва 20 нафар маҳаллий педагог сабоқ беради.
Тантанали маросим якунида иштирокчилар Президент мактабида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА