Сурхондарёда ўқитувчи ва мураббийлар шарафланмоқда
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Термиз шаҳридаги “Афрўз” тўйхонасида Сурхондарё вилояти марказидаги таълим муассасаларида ёш авлодга илм-фан сирларини ўргатаётган устозлар учун 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.
Тантанали тадбирда Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда таълим сифатига қаратилаётган эътибор, ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳамда соҳада юз бераётган янгиланишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Жамиятда ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган меҳридарё устозларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклади.

Таъкидландики, сўнгги беш йилда мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайтирилиб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди. Нодавлат таълим хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Янги олий таълим муассасалари ва филиалларнинг ташкил этилиши, турли йўналишлар бўйича кечки ва сиртқи бўлимларнинг очилиши, олий таълим қамрови даражасининг оширилиши ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этишга қодир, чуқур билимли ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, ўтган беш йилда Термиз шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 29 тадан 114 тага етди. Болалар қамрови 4 минг 150 нафардан 11 минг 158 нафарга ортиб, 74 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда воҳа марказида мавжуд 26 мактабда илм-фан сирларини чуқур ўрганаётган 34 минг 366 ўқувчига 24 мингдан ортиқ ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.

2021-2022 ўқув йилидан шаҳардаги 7-мактабга япон тилига ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилиб, япон тилига ихтисослаштирилган синфлар фаолияти йўлга қўйилди. 16-сонли мактабга информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди. Шаҳардаги халқ таълими муассасалари замонавий компьютер жамланмаси билан таъминланиб, юқори тезликдаги оптик толали интернетга улангани, барча замонавий шароитларга эга Президент мактаби бунёд этилгани ва жорий ўқув йилидан Боғишамол маҳалласида 1 минг 540 ўринли замонавий янги мактабнинг ўқувчиларни қабул қилгани ҳам соҳага қаратилаётган юксак эътибор самарасидир. Бундай улкан янгиланишлар ёш авлоднинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Байрам тадбирида бир гуруҳ соҳа ходимлари шаҳар ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Элимиз ардоғидаги устоз ва мураббийлар бир пиёла чой баҳона дилдан суҳбат қурди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури даврага ўзгача файз улашди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА