Президентимизнинг 2026 йилги “Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида шарқона яшариш ва янгиланиш айёмини кўтаринки руҳда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилди.
Бу йил вилоятнинг асосий байрам тадбирлари ўтказиладиган Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатр майдони шодиёнага мос равишда миллий урф-одатларни мужассамлаштирган ҳолда безатилди.

Воҳанинг чекка ва олис ҳудудларида ҳам “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ташкил этиладиган халқ сайлларининг ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирлари дастури ишлаб чиқилди. Дастурдан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган юксак эътибор самаралари, халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини, ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар кенг тараннум этилади. Шунингдек, тадбир борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни ифода этадиган, осуда ҳаётни қадрлаб, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шукроналик туйғуси билан яшашга чорлайдиган таъсирчан мазмун ва шаклда ўтказилади.

Муборак Рамазон ҳайити билан ҳамоҳанг нишонланадиган бу йилги байрам кунлари кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаб, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олинади. Улар учун байрам дастурхонлари ташкил этилиб, маҳалла фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари иштирокида турли хайрия тадбирлари ташкил этилади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акциялари ўтказилади. Далаларда уруғ сепишга киришилади.

Воҳанинг шаҳар ва қишлоқларида ўтказиладиган байрам тантаналарида уни нишонлаш билан боғлиқ удум ва анъаналар ўз ифодасини топади. Баҳорий сумалак, кўк сомса, ҳалим сингари ноёб таомлар кўргазмалари ва танловлари, кўпкари, кураш, арқон тортиш, дорбозлар чиқишлари ва бошқа халқ ўйинлари ташкил этилади. Байрам тадбирларида мусиқий томошалар, фольклор жамоалар ва машҳур бахшиларнинг чиқишларига алоҳида ўрин ажратилган. Халқ сайлларида ҳунармандчилик, китоб кўргазмалари, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари, кўчма савдо дўконларини ташкил этиш, танловлар уюштириш ҳам режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, кўклам нафаси эсаётган воҳада бугундан “Наврўз” сайллари Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви амфитеатр майдонида бошланиб, дастур доирасида ўн кун давом этади. Сайлда миллий удум ва анъаналаримиз намойиши ҳамда маҳаллий ва пойтахтдан келган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурларига алоҳида ўрин ажратилган. Бугун кечки пайт элимиз суйган пойтахтлик санъаткорлар чиқишларини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошевлар бошлаб беради. Кун давомида иштирокчилар маҳаллий санъаткорларнинг қизиқарли чиқишларини завқ билан томоша қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири