Сурхондарёда муддатидан олдин овоз берилмоқда
“Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида” ги конституциявий қонун лойиҳаси бўйича жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказиладиган умумхалқ рефрендумига Сурхондарё вилоятида муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонунида референдум куни маълум сабабларга кўра яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчининг муддатидан олдин овоз бериши белгилаб қўйилган. Шунга асосан Марказий сайлов комиссиянинг қарори билан мамлакатимизда 19 апрелдан муддатидан олдин овоз бериш бошланди.


–Вилоятда 860 та референдум ўтказувчи участка фаолият юритмоқда,–дейди Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 9–Сурхондарё округ комиссияси раиси А.Хўжақулов.– Уларнинг барчасида референдумга муддатидан олдин овоз бериши учун зарур шароит яратилди. Турли сабабларга кўра умумхалқ референдуми куни яшаш ҳудудидан олисда бўладиган юртдошларимиз ўз ҳуқуқидан фойдаланиб, дам олиш ва байрам кунлари ҳам соат 12:00 дан соат 16:00 гача рўйхатга олинган референдум участкасига борган ҳолда муддатидан олдин хоҳиш-иродасини эркин ифода этмоқда.
Термиз минтақавий темир йўл узели алоқа ва ишорат корхонаси ходими Маҳбуба Алимардонова хизмат сафари билан пойтахтга йўл олмоқда. У 30 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлади. М.Алимардонова сафар олдидан ўзи яшаб турган Термиз шаҳри Темир йўлчи маҳалласидаги 239 –рефрендум участкасига келиб, муддатидан олдин овоз берди.
–Янги таҳрирдаги асосий Қонунимизга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан танишдим, – дейди Маҳбуба Алимардонова. – Унда биз, аёлларнинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликларимиз янада мустаҳкамланмоқда. Албатта, ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган бу жараёнга бефарқ бўлолмаймиз. Шу боис муддатидан олдин овоз бериш учун участкага келиб, комиссияга мурожаат этдим. Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқимдан фойдаланиб, янгиланаётган бош Қомусимизга ўз муносабатимни билдирдим.
Марказий сайлов комиссияси қарорига мувофиқ референдум ўтказувчи участкаларда муддатидан олдин овоз бериш 26 апрель куни якунланади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА