Сурхондарёда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими қуйи хизматларининг Тожикистон Республикаси ҳудудидаги Сарез кўли дамбаси ёрилиши натижасида сув босиш хавфи юзага келганда, аҳолини шартли эвакуация қилиш тадбирларини ташкил этиш бўйича махсус-тактик ўқув машқлари бўлиб ўтди.
Ўқув машғулотида бир қатор махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиб, фуқаро муҳофазаси кунлари ташкил этилди.
Aйни тадбирларда фавқулодда вазиятларда хабар бериш, улар содир бўлганда бирламчи вазифаларни амалга ошириш, фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга ихтисослашган механизациялашган отрядларнинг фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишга шайлиги синовдан ўтказилди.
Ўқув машғулот давомида сел келиши ёки Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Сарез кўлининг тошиб кетиши оқибатида ҳудудда содир бўлган турли даражадаги вайронагарчиликлардан жабр кўрганларни олиб чиқиш, жабрланган аҳолини юзага келган табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлардан хабардор этиш, бошпанасиз қолган аҳолини хавфсиз ҳудудларга тезкорлик билан кўчириш ишларини ташкил этиш ва фавқулодда вазиятлар содир бўлганда аҳолини тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш бўйича соҳа ходимларига зарур кўникмалар берилди.
[gallery-2527]
Ҳар 5-йилда бир марта ўтказиладиган мазкур қўмондонлик-штаб ўқув машғулотида Термиз шаҳридаги Гулистон маҳалла фаоллари, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, ОАВ ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА