15 май--Халқаро оила куни
Сурхондарё вилоятида 15 май--Халқаро оила кунига бағишлаб қизиқарли кўрик-танлов, спорт беллашувлари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш ажойиб анъанага айланган.
Термиз тумани маданият бўлимида ушбу сана муносабати билан ташкил этилган "Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи" кўрик-танлови туман босқичида маҳаллалардаги энг намунали оилалар беллашди.
Танлов иштирокчилари оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, китоб мутолааси, жамият ҳаётидаги намунали фаолияти каби шартлар асосида ўзаро баҳслашди.
Кўрик-танлов якунида тумандаги Муҳиддин Эштемиров номли маҳаллада яшайдиган Акмал Авлияқуловлар оиласи ғолиб деб топилиб, тадбирнинг вилоят босқичида иштирок этишга йўлланма олди. Нурафшон маҳалласилик Баҳодир Ражаповлар оиласи иккинчи, Қорахон маҳалласида истиқомат қиладиган Салим Ҳакимовлар оиласи учинчи ўринларни эгаллади.
Танлов ғолибларига диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири