Ангор туманидаги “Замин Ангор кластер” масъулияти чекланган жамияти пахта далаларида кўкка бир текис бўй чўзаётган ғўза ниҳоллари гуллаб, илк ҳосил нишоналарини кўрсатди.
Жорий йил эрта баҳорда туман пахтакорлари 4 минг 734 гектар майдонга ғўза уруғи қадаб, бир текис ундириб олди. Экин майдонларининг икки минг гектарида ингичка толали ғўза нави парваришланмоқда. Қолган майдонларда маҳаллий иқлимга мос, эрта ва ўрта пишар, сифатли толали пахта етиштирилаётир.
Вилоятда баҳор об-ҳавосининг мўътадил келаётгани ғўзага ишлов беришни ўз вақтида амалга оширишга қулай муҳит яратди. Айни кунларда барча агротехник тадбирлар сифатли олиб борилмоқда. Бу йил воҳада 13 та пахтачилик тўқимачилик кластери 72 минг 270 гектар ерда эрта ва ўртапишар ҳамда “Термиз-204”, “СП-1607” навли ингичка толали пахта етиштирмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири