Термиз туманидаги Қорахон маҳалласида яшовчи Алланазар Турдиевнинг томорқасида парваришланаётган гилос меваси пишди.
Мамлакатимиз жанубидаги воҳада шу пайтгача баҳорнинг илк ойларида тут, кейинроқ эртаги ўрик пишиб, етилар эди. Эндиликда ишбилармон одамларнинг томорқадан оқилона фойдаланиши ва хориж тажрибаларини ўрганиши учун яратилган шароитлар бошқа эрта пишар мевали дарахтларни ҳам парваришлаб, яхши даромад топишига қулай имконият бўлди.


Бу шароитдан оқилона фойдаланаётган Алланазар Турдиев бир неча йил муқаддам Россияда етиштириладиган гилос дарахтининг қаламчаларини олиб келиб, маҳаллий навларга чатиштирди. Иссиқ иқлимга мослаштириб, томорқасини мўъжазгина гилосзорга айлантирди.


– Ўтган йили гилос апрель ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб, етилган эди – дейди моҳир боғбон. – Меванинг килосини 200 минг сўмдан кўтарасига харид қилишди. Бу йил ҳам харидор келиб турибди. Тўлиқ пишиб, узишга тайёр бўлгач, савдосини келишмоқчимиз.
Айни пайтда боғбоннинг томорқасида ўн олти турдаги эрта пишар гилос дарахти парваришланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири