Сурхондарё вилоятида кўклам келиб, борлиқ уйғониши билан дала ишлари қизғин бошлаб юборилди. Наврўзолди уруғ қадаш юмушларига киришилди.
Жарқўрғон туманидаги “Оққўрғонлик Асадбек” фермер хўжалигининг пахта даласида чигит экиш мавсумига бағишлаб ўтказилган кўргазмали семинарда ҳам баҳорги дала юмушларини сифатли ўтказиш, чигитни мўътадил об-ҳаво шароитларида қадаб, ўз вақтида ундириб олиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ер майдонларини барака уруғи сепишга тайёрлаш, бароналаш, замонавий янги сеялкада чигит экиш ишлари кўрсатилди.
Ўтган йили вилоят пахтакорлари 72 минг 270 гектар майдонда ғўза парваришлаб, 290 минг 284 тонна пахта йиғиб олди. Ўртача ҳосилдорлик 40,2 центнерни ташкил этди. Жорий йилда гектарлар ҳосилдорлигини янада ошириш учун барча дала юмушлари синалган агротехник тадбирлар асосида олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, Жарқўрғон тумани деҳқонлари 7 минг 140 гектар майдонда ғўза парваришлайди. Баҳорнинг илиқ кунларидан самарали фойдаланиб, мавсумни сифатли якунлаш учун пахтакорлар барча юмушларни отряд усулида ташкил этиб, чигит қадашга киришди. 13 та отрядга 100 чигит экиш сеялкаси тахт қилиниб, деҳқонлар учун барча шароит яратилди. “Оққўрғонлик Асадбек” фермер хўжалиги 60,9 гектар майдонга уруғ сепишни бошлади.
Семинарда сектор раҳбарлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермерлар ва алоқадор ташкилот раҳбарларига мавсумни тез, сифатли якунлаш учун чигитни тупроқнинг табиий намлигидан оқилона фойдаланиб, тизимли экиш юзасидан тавсиялар берилди.
Кўргазмали семинарда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири