Сурхондарё – номоддий маданий мерос бешиги
Давлат ижтимоий буюртма лойиҳаси амалда
Қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасининг бой номоддий маданий мероси нафақат маҳаллий аҳоли балки, хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, уларни мафтун этиб келади. Мамлакатимизда ўтмишдаги аждодлардан мерос қолган ноёб ва нафис бойликни авайлаб-асраш, келгуси авлодга етказиш ва кенг намоён этишга қаратилаётган юксак эътибор бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга қулай муҳит, кенг имконият яратди.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази экспертларининг Сурхондарё вилоятидаги номоддий маданий меросни ўрганиш учун ташкил этган экспедицияси ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига мувофиқ “Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини муҳофаза қилиш” мавзуидаги ижтимоий буюртма Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Экспедиция аъзолари жанубдаги воҳада бўлиб, вилоятдаги бой номоддий маданий меросни асраб-авайлаб, келгуси авлодларга безавол етказиш йўлида самарали фаолият юритаётган қўли гул ҳунармандлар, моҳир пазанда ва қадимий ноёб санъатимизни кенг тараннум этаётган ижро санъати усталари билан учрашди. Аудио, видео, фото ва матнли маълумотлар тайёрлади.
“Бойсун туманининг маданий муҳити” 2021 йил ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилган бўлиб, Бойсун дунё тамаддуни бешикларидан бири, кўҳна қадриятлар макони саналади. Сўлим ва бетакрор бу гўша халқи миллий урф-одатлар, халқ оғзаки ижодининг энг гўзал намуналари ва миллий ҳунармандчилик дурдонларини асрлар давомида асраб-авайлаб келмоқда. Пурвиқор тоғлар қўйнидаги сўлим гўшада ўтказилаётган анъанавий “Бойсун баҳори” Халқаро фестивали ҳам ҳудуднинг номоддий маданий меросига кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Ўтган йили эса ЮНЕСКО мамлакатимизнинг қатор ҳудудлари, жумладан, Сурхондарёда кенг ривожланган бахшичилик санъатини ҳам инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритди.

Лойиҳа мутахассислари номоддий маданий мерос дурдонларини дунёга кенг тараннум этаётган Бойсун туманида бўлганида қадимий ҳунармандчиликнинг нафис турлари, мамлакатимизда фақат Бойсунда тўқиладиган жанда матоси тўқувчиларининг ноёб ҳунари билан яқиндан танишди. Алача, гилам, сўзана, зардевол каби кашталарни тўқиш сирлари билан қизиқди. Чанқувуз мусиқа асбоби усталари билан суҳбатлашди.
Қўли гул ҳунарманд Хадича Раҳимбердиева алача, кашта ва жанда матосини тўқиш сир-синоатини момоларидан ўрганган. Кўп йиллардан буён ўзи ёшларга бу ҳунарни қунт билан ўргатиб келмоқда. Экспедиция аъзолари билан суҳбатда Хадича Раҳимбердиева Бойсуннинг қадимий алача, кашта ва жандасини тўқиш усуллари, жило бериш сирлари ҳақида сўзлаб берди. Шогирдларининг қизиқишлари хусусида фикр алмашилди.

– Аждодлардан мерос қолган номоддий бойликларимизга ўтган асрда ҳозиргидек эътибор йўқ эди, – дейди Хадича ая. – Момоларимиз тунлари тўқиган пайтлар ҳам бўлган. Биз ҳам уларнинг ёнида ўтириб, диққат билан кузатгач, қизиқиб тўқишга ҳаракат қилар эдик. Билмаган жойларимизни момоларимиз қунт билан ўргатар эди. Шундай қилиб, алача, жанда матоси тўқишни ва кашталар тикишни ўрганиб олганмиз. Эндиликда ўзим ёшларга ўргатаяпман. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида нуфузли фестивал ва танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаяпман. Маҳсулотларимиз табиий ранглардан тайёрланади. Хориждан келган сайёҳлар ҳам қизиқиб, харид қилади.
“Бойсун ҳунармандчилик маркази”да бўлган экспертлар бу ерда тайёрланаётган турли ҳунармандчилик маҳсулотларида тоғли туман табиати манзаралари, сўлим гўшалари акс этганига гувоҳ бўлди. Хуршида Холбоева тўқиган гиламлар, темирчи чанқовуз устаси Жасур Ашуров тайёрлаган нафис ва ноёб қадимий мусиқа асбоби, Қурбонхол Раҳимбердиеванинг чизмакашлик, каштачилик санъати, Муборак Рўзиқулова, Нилуфар Расулова, Феруза Азизова, Нилуфар Расулова каби чеварларнинг жанда матоси, бойсунча дўппилари, ип йигириш санъати катта қизиқиш уйғотди.
Шеробод тумани аҳолиси азалдан кулолчилик буюмлари, ёғочга ишлов бериш ва ҳудудга хос тўқувчилик, туникасозлик ҳунари билан шуғулланиб келади. Озода ва Сабоҳат Ибодовалар, Хурсан Чориев сингари кулоллар, туникасоз уста Адҳам Қиличев, ёғочсоз Вали Абдуллаев, Абилқосим Қодиров, Фахриддин Қувватов, Шуҳрат Отамуродов, Шохида Хасанова, Гулбаҳор Жумаева каби ҳунармандлар бобо ва момомерос касбларини эъзозлаб келаётгани эътиборга сазовордир.
Ўтмишдан Сурхон тарафларда пазандачилик ҳам санъат даражасида ривожланган. Бу воҳада тайёрланган тандир гўшти, “чўпонча” ва бошқа қатор таомларнинг ўзига хос тарихи ҳамда тайёрланиш услублари бор. Экспертлар гуруҳи Шўрчи туманида моҳир ошпаз Бобоёр Жўраев тайёрлаган “чўпонча” таоми, Равшан Ҳайитов, Ҳасан Алимардонов пиширган тандир гўштларини татиб кўриб, уларнинг тайёрланиш технологиялари билан танишди.

Сурхондарёда бўлган экспедиция аъзолари бу воҳанинг фольклор этнографик санъати ва ноёб мусиқа асбобларини атрофлича ўрганиб, бой таассуротлар билан қайтди.

Бойсун туманидаги “Бойсун”, Қизириқ туманидаги “Қўнғирот”, Шўрчи туманидаги “Чанқовуз”, Сариосиё туманидаги “Дашнабод”, Қумқўрғон туманидаги “Маҳлиё наъмунали”, “Боботоғ гуллари” фольклор-этнографик халқ ансамбллари, Олтинсой туманидаги “Шаршара”, Жарқўрғон туманидаги “Охуво”, “Жарқўрғон фольклор”, Шеробод туманидаги “Чечалар” фольклор ансамблларининг ноёб санъатига мафтун бўлди. Бойсунлик Бўриқул Жуммаевнинг (фамилиясида 2 та м борми?) “Ғажир най”, “Сибизға”, “Шувуллак”, “Чанқовуз” қадимий мусиқа асбоблари билан яқиндан танишди.

– Ўтмишда бу мусиқа асбоблари билан аждодларимиз нафис куйларни ижро этган, – дейди Бўриқул Жуммаев. – Мен уларни ясаш ва чалиш сирларини чуқур ўрганиб олганман. Оддий қамишдан тайёрланадиган “Сибизға” билан турли куйларни ижро этиш мумкин. Гоҳо турли тадбирларда бу асбобларда куй чалсам, албатта унда иштирок этаётган хорижликлар катта қизиқиш билдириб қолади. Совға қилсам, куй чалиш сирларини ўргатишни илтимос қилиб сўрайди. Аждодларимиз ақл-заковати билан яратилган бундай нафис мусиқа асбобларимиз билан ҳақли равишда фахрланаман.
Сурхондарё вилоятида ўндан ортиқ Ўзбекистон халқ бахшиси фаолият юритмоқда. Шеробод, Бандихон, Қизириқ, Қумқўрғон туманларида экспедиция аъзолари Шодмон Хўжамбердиев, Абдиназар Поёнов каби Ўзбекистон халқ бахшилари ва Муҳаммад Эшбоев, Маҳмуд Чориев, Жовли Нормаматов сингари чечан бахшилар билан дилдан гурунг қилиб, бахшилик санъати, достонларнинг ёшлар тарбияси ва миллий қадриятларимизни тарғиб қилишдаги ўрни, термаларнинг маънавий аҳамияти ва уларни келгуси авлодларга етказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашди.
Вилоятнинг номоддий маданий меросини ҳар тарафлама ўрганган мутахассислар шунингдек, учрашувлар чоғида улар дуч келаётган муаммоларни таҳлил қилиб, ўрганилган номоддий маданий мерос элементлари бўйича қизиқарли маълумотлар тўплагани таҳсинга сазовордир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА