Мамлакатимизда кўклам Сурхондарёдан бошланади. Дов-дарахтлар уйғониб, теварак-атроф яшилликка бурканади. Қир-адирларда бойчечак бўй кўрсатиб, борлиққа сайроқи қушлар хониши ўзгача тароват улашади. Қадимий ва навқирон воҳага фасллар келинчаги баҳор келиши билан дошқозонларда сумалак пиширилиб, ёшу кекса Наврўзга пешвоз чиқади.
Халқимизга хос саховат ва мурувват, олижаноблик ва яратувчанлик, борлиққа меҳр-муҳаббат каби улуғ фазилатларимизни ўзида мужассам этган Наврўз байрами ҳам эрта бошланади.


Вилоятда қиш об-ҳавоси нисбатан илиқ келган йилда воҳанинг маҳалла ва қишлоқларида Наврўз сайллари аллақачон бошлаб юборилган эди. Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги “2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида ўтказилаётган бу йилги умумхалқ шодиёнаси туманларнинг асосий байрам тадбирларига уланиб кетди.
Бугун вилоятнинг Бойсун, Бандихон ва Жарқўрғон туманларида энг қадимий ва ҳамиша навқирон байрамимизга бағишланган тантанали тадбирлар юқори савияда ўтказилмоқда. Асрлар давомида сайқал топиб, улуғланиб келинаётган миллий қадрият ва анъаларимиз кенг намойиш этилаётган умумхалқ байрамларида баҳор айёмида борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътибор, бугунги тинч, тўкин, осуда ҳаётимиз ва шукроналик туйғуларимиз ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, одамларнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг акс эттирилмоқда.


Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастурлари, театрлашган саҳна кўринишлари, фольклор-этнографик ансамбллар ва бахшилар ижросидаги куй-қўшик, лапар, терма ва достонлардан парчалар барчага бир олам завқу шавқ улашмоқда.
—Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳам одамларнинг онг-шуурини тубдан ўзгартирди, - дейди Бандихон туманида яшайдиган Холдор Суюнов. - Бу жараёнда она тупроғимиз, зилол оби ҳаёт ва мафтункор табиатимизга, қолаверса, бир неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайди. Қишлоқларда деҳқончилик тўкин турмуш манбаига айланиб, Наврўзнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ошмоқда. Бу йил ҳам баҳорнинг мўътадил келганидан фойдаланиб, томорқаларимизга турли озиқ-овқат экинлари уруғини қадашни бошладик. Туманнинг Наврўз байрамида обод ва озод ҳаётимиз, тўкин ва фаровон турмушимиз кенг тараннум этилаётгани барчамизга бир олам қувонч улашаётир.


Вилоятда боқий байрам мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қиш ҳали чекинмай, теварак-атрофни оппоқ қор қоплаётган бир пайтда қарши олинмоқда. Далаларда иш қизғин. Кўчат ўтқазиб, янги боғ-роғлар барпо этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари уруғини қадаш, чигит экиш, ғалла майсаларини парваришлаш юмушлари бошлаб юборилган. Кўкламнинг майин шабадаси далаларга энди ниш ураётган турли гиёҳлар ифорини олиб келиб, деҳқону миришкорлар қалбига ором бахш этмоқда.
Маълумотларга кўра, вилоят туманларида ўтказилаётган Наврўз умумхалқ сайллари 18 март куни якунланади. Термиз шаҳри ва вилоят аҳлининг асосий байрам тадбири 19 март куни воҳа марказидаги муҳташам Санъат саройининг яшилликка бурканган кенг майдонларида бошланади. Айни пайтда умумхалқ сайлини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Миллий таомлар, миллий ҳунармандлик буюмлари ва бошқа кўргазмалар ташкил этилади. Сумалак сайли ва қизиқарли халқ ўйинлари, спорт мусобақалари уюштирилади. Полвонлар ўртасида бўлиб ўтадиган кураш мусобақаси ҳам ёшу-кексага бир олам қувонч бағишлаб, миллий қадриятларимизни кенг намоён этади.


—Вилоят аҳлининг умумхалқ сайлида ташкил этилаётган катта кураш мусобақаси энг номдор полвонлар билан янада қизиқарли ўтади,¬дейди вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов. - Совринга пул мукофотлари, ҳўкиз, от, туя ва бошқа қимматбаҳо зотлар қўйилмоқда. Беллашувнинг мутлақ ғолиби бош соврин – енгил автомобилни қўлга киритади. Алпомишлар юртида бўлиб ўтадиган катта курашга мамлакатимизнинг кураги ерга тегмаган энг зўр полвонлари таклиф этилмоқда.
Ўтмишдан кураш, кўпкари сингари халқ ўйинлари кенг намойиш этилган Наврўз айёми дунё халқларининг инсонпарварлик ғояларига ҳамоҳанглиги, тинчлик ва дўстликни улуғлаб, одамларни осуда, баҳамжиҳат яшашга ундаши билан ҳам қадрлидир. Яшариш ва яшнатиш фаслида жанубдаги воҳада бошланган байрам шодиёналарида ана шундай олижаноб қадриятларимиз ўз аксини топаётгани аҳамиятли бўлмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири