Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Сурхондарё вилояти азалдан анор етиштиришда бой тажриба тўплаган. Бундан кўп йиллар илгари Дашнобод анорларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яхши билишган. Бироқ, воҳанинг асосий майдонларида пахта, ғалла ва бошқа донли зироатлар, озуқабоп экинлар етиштирилгани сабабли анор асосан аҳоли томорқаларида парваришланган. Лўнда қилиб айтганда, болдек ширин бу мевани йирик майдонларда етиштириш эътибордан четда қолган.
Мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги эркинлаштирилиб, хусусий секторда маҳсулот парваришлаш йўлга қўйилди. Бу танти деҳқонлар изланиб, ҳудуднинг иқлим ва тупроғига мос мевалар парваришлашга қизиқиш оширилди. Шу мақсадда турли мевали боғлар барпо этишга киришилди.
Бу жараёнда Шеробод тумани миришкорлари анорзорлар ташкил этиб, уни сердаромад соҳага айлантириш йўлларини кўрди. Айниқса, кейинги уч йилда аграр тармоқда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар воҳа аҳлининг анорчиликни ривожлантиришига катта иштиёқ уйғотди. Маълумотларга кўра, ўтган йилларда ҳудудда минг гектар ерда анор плантацияси барпо этилган бўлиб, яқин келажакда вилоятда анорзорларни қарийб 11 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Айни пайтда мавжуд майдонлардан йилига ўртача 18 минг тонна сара анор йиғиштириб олинаётган бўлса, келгусида йиллик қувватни 300 минг тоннага етказиш мўлжалланаётир. Шунингдек, мамлакатимизда кейинги йилларда экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор вилоят миришкорлари йиғиб олаётган ҳосилнинг бир қисмини хорижга сотиш учун ҳам қулай муҳит, кенг имконият яратди. Шунга мувофиқ ўтган йилнинг ўзида воҳадан ўн минг тоннага яқин анор дунёнинг турли давлатларига жўнатилди.
Яна бир янгилик: Эндиликда вилоят анор етиштирувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлайдиган уюшмаси ҳам ташкил этилди. Соҳага давлат даражасида қаратилаётган бундай эътибор нафақат фермер ёки деҳқон хўжаликлари балки, йирик масъулияти чекланган жамиятларни ҳам бошқа мевалар қатори анор етиштиришга ундамоқда. Жумладан, 2021-2022 йилларда воҳада 9 минг 432 гектар ерда анорзорлар барпо этилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур майдонларнинг асосий қисмига масъулияти чекланган жамиятлар анор кўчатини экаётир. Бу йил Шеробод туманида беш минг, Музработ туманида икки минг ва Қизириқ туманида минг гектар ерда янги анор плантациялари бунёд этилмоқда. Бу минглаб одамларининг бандлигини таъминлаши мумкин. Шу билан бирга турмуш даражасини юксалтиради. Анор экспортини янада ошириб, Сурхон воҳасинининг табиий ва тотли меваларини жаҳонга кўрсатади.
– Мевалар қироли бўлган анорчилик ҳам эндиликда илмий асосда ривожлантирилади, – дейди вилоят анорчилик уюшмаси раиси Музаффар Хўжамуродов. – Ҳудуд иқлимига мос юқори навли, ҳосилдор кўчатларни етиштиришга эътибор кучайтирилади. Зараркунандаларга қарши илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Буларнинг барчаси соҳада сўнгги йилларда юз бераётган ўзгаришлар самарасидир.
Вилоятда анор етиштиришнинг кўпайтирилаётгани уни парваришлашдан тортиб, мевани териб-йиғиб олиш, қайта ишлашгача бўлган жараённи қамраб оладиган кластер ташкил этишга ҳам кенг йўл очиб берди. Шу асосда Шеробод туманида “Шерободаноримпекс” масъулияти чекланган жамияти анорчилик кластерини ташкил этмоқда. Шу йилнинг ўзида икки минг гектар майдонга анор ниҳолларини қадаётган янги кластер бир йўла хорижнинг ҳосилни тур ва ҳажмига қараб саралаш, замонавий усулда қадоқлаш ва қайта ишлаб, “Сурхон” бренди билан табиий шарбат олиш технологияларини ҳам ўрнатмоқда.
Кластер мутасаддиларининг айтишича, халқимиз қадимдан мевалар султони сифатида эъзозлаб келган шифобахш бу неъматнинг ички бозордан ортиқ қисмини хорижга экспорт қилишни мўлжаллаётир. Бу борада жанубдаги воҳада амалга оширилаётган барча ишлар истиқлол шарофати билан қишлоқ хўжалигини сердаромад тармоққа айлантириш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг, одамлар турмуш даражасини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган халқчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА