Сурхондарёда фаол ташкилотчилар тақдирланди
Совғаларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси номидан вилоят ҳокими Тўра Боболов ўз эгаларига тантанали топширди.
Мамлакатимизда ўтган йилги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда фаол иштирок этган Сурхондарё вилоят сайлов комиссияси ходимлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси раисларидан бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Совғаларни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси номидан вилоят ҳокими Тўра Боболов ўз эгаларига тантанали топширди.
– Сайловлар мамлакат нуфузини халқаро ҳамжамият олдида янада оширадиган муҳим жараёндан бири, – деди вилоят раҳбари. – Сайловлар мамлакатда очиқлик ва ошкораликни, демократик тамойилларни қай даражада шаклланганини кенг намоён этади. “Янги Ўзбекистон: Янги сайловлар” шиори остида ўтган йили ўтказилган сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилганини хориждан келган кузатувчилар ҳам алоҳида эътироф этди.
Албатта, бу жараёнда очиқликни таъминлашга сизлар ҳам муносиб ҳисса қўшдингиз. Жойларда бўлажак сайловларнинг жамиятимиз тараққиётидаги ўрни, янги қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилдингиз. Агар дунёга пандемия чанг солмаганида бугунги маросим аллақачон давлат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида янада қизиқарли ўтказилган бўлар эди. Бу меҳнатларингиз алоҳида эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилгани барчамизни бирдек қувонтирди.
Ўтган йилги сайловларда вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 11 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 60 та сайлов округи фаолият юритиб, сиёсий муҳим бу кампания умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкоралик билан ўтказилди.