
Сўнгги ҳафталарда Сурия ҳаётида содир бўлаётган воқеалар бутун дунё жамоатчилиги диққат марказида бўлиб турибди. Вазиятни чуқурроқ таҳлил қилиш, эҳтимолий ўзгаришларни кўриб чиқиш мақсадида ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси катта ўқитувчиси Ҳабибуллохон Азимовнинг фикрларини ёзиб олди.
Асад режими ағдарилишини Сурия халқи қандай қабул қилди?
Сурияда 1963 йил юз берган давлат тўнтариши натижасида Баас партияси ҳокимият тепасига келди. 1970 йил ички низоларда ғолиб чиққан Ҳофиз Асад бошқарувни қўлига олди ва орадан бир йил ўтиб мамлакат президенти бўлди. 53 йиллик ҳукумронлик даврида Асадлар оиласи мазҳабчилик, яъни ўзлари мансуб, мамлакатда озчиликни ташкил қиладиган нусайрийлар ичра ҳокимиятни бўлишиш сиёсатини юритди. Бошқа диний ёки этник гуруҳлар ҳукуматдан узоқлаштирилди. Аслида Мишель Эфлак томонидан араб бирлиги ва миллатчилиги ғояси асосида тузилган Баас партияси мафкурасига тамоман зид бўлган бу сиёсат мамлакат ичидаги турли диний ва этник гуруҳларнинг Асадлар ҳокимиятига қарши – мухолиф томонлар шаклланишига замин яратди. “Араб баҳори” билан бошланган намойишлар натижасида Суриядаги ижтимоий-сиёсий жараён издан чиқди. Беқарорлик ортидан ярим миллионга яқин инсон вафот этди, фуқаролар урушидан олдинги 23 миллионлик аҳолининг ярми яшаб турган манзилини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Миллионлаб сурияликлар чегарани кесиб ўтиб, Иордания, Туркия, Ироқ ва Ливандан бошпана топди, кўпчилик турли йўллар билан Европага қочди.
Шу йил 8 декабрь куни “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги мухолиф кучлар Дамашқни эгаллаб, ҳокимият ағдарилганини эълон қилди. Президент мамлакатни тарк этди. Бу ҳолат мамлакатнинг ичкариси ва ташқарисидаги фуқаролар томонидан хурсандчилик билан кутиб олинди.
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” етакчиси Сурия раҳбарига айланадими?
Маълумки, Асад режимини қулатишда жонбозлик кўрсатган “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” гуруҳи ва ҳаракат раҳбари Абу Муҳаммад Ал-Жўлонийнинг халқ орасидаги обрўси кўтарилиб кетди. Амалдаги маъмурият ағдарилиши туфайли у назарий жиҳатдан янги етакчига айланди. Ҳозирча ушбу араб давлатидаги вазият тинчигани йўқ, ҳукумат ва сиёсий бошқарув келажаги қандай шаклда бўлиши мавҳум. Жўлонийнинг юқори лавозимлардан бирини эгаллаши эҳтимоли юқори.
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом”мафкурасини халқ қандай қабул қилади?
“Ҳайъат таҳрир аш-Шом” дастлаб Баас режимини ағдариш ва “Ҳизбуллоҳ” қуролли кучларини мамлакат ҳудудидан чиқариб ташлаш, Сурияда исломий ҳукумат ўрнатиш мақсадини эълон қилган. Шу нуқтаи назардан айни пайт мамлакатнинг келгуси тақдири хусусида жуда кўп саволлар туғилмоқда. Янги мафкура сурияликларга маъқул келадими? Бошқа диний, этник гуруҳлар аҳволи қандай кечади?
2016 йил “Ал-Қоида”дан ажралиб чиққан бу ташкилотни кўплаб давлатлар террор ташкилотлари рўйхатига киритган. Жўлоний оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатларда турли этник гуруҳлар, мазҳабларга нисбатан мўътадилроқ сиёсат олиб боришига ишора қилмоқда. Ҳукумат, бошқарув тизими мамлакат тарихи ва маданиятига мос равишда шакллантирилиши, диний толерантликка алоҳида эътибор қаратилишини таъкидламоқда. Яъни, вазиятга бундай ёндашув орқали ҲТШ халқдан кучли мадад олиш, одамлар ишончини қозониш мақсад қилинган.
Янги бошқарув шакли қандай бўлади,
жараёнда кимларнинг фаоллиги кутиляпти?
Сурия ҳукумати ағдарилиши воқеасига сабабчи сифатида кўпчилик фақат ҲТШ ҳаракатини кўрсатмоқда. Асад режимга қарши бўлган, Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган “Сурия миллий армияси” эса назардан четда қолаётгандек, назаримда. Унутмаслик керак, СМА ҳам исёнда фаол қатнашган. Ушбу гуруҳ фаоллари асосан маҳаллий (байир-бужак) туркманлардан иборат бўлиб, 13 йилдан бери Баас партиясига қарши курашиб келади.
Фикримча, Суриянинг навбатдаги ҳукумати минтақавий ва ташқи кучлар таъсирида шаклланади: Туркия мустақил ва ягона ҳукумат тузилишини истайди, АҚШ ва Исроил эса федерал шаклдаги тузум ёки Баас қурбонлари сифатида кўриладиган маҳаллий курдлар учун мухтор республика ташкил этишни хоҳлаши сир эмас. Айни пайт Жўлоний Асад давридагидан фарқли ўлароқ, янгича бошқарув айирмачилик кайфиятидан холи бўлиши, сурияликлар истаги ва хоҳишини ифодалайдиган қоидалар асосида фаолият олиб боришини таъкидламоқда.
Ички урушлар давом этадими ё тинчлик қарор топадими?
Вазият барқарорлашиши учун бироз вақт керак, чунки мамлакатдаги бир неча гуруҳ ҳамон фаол ва муайян ҳудудларни назоратда ушлаб турибди. Бундай шароитда тинчликка эришиш, юқорида таъкидланганидек, минтақавий ва глобал куч марказларининг геосиёсий манфаатлари турлича эканлиги билан изоҳланади. Демак, Суриянинг кейинги тақдирини ҳал қилишда муҳим ўрин эгаллайдиган АҚШ, Россия, Туркия, Исроил, Эрон каби давлатлар ўртасидаги келишув ижтимоий-сиёсий жараён ривожини белгилаб бериши мумкин.
Халқаро жамоатчилик янги ҳукуматни тан олишга тайёрми?
Башар Асад ҳокимияти ағдарилгач, Сурияда муваққат ҳукумат тузилди. Ҳозир бошқарувчилик ваколати ҲТШ гуруҳи етакчиларидан бири Муҳаммад Ал-Башрга берилган. Халқаро ҳамжамият барча этник, диний гуруҳлар мамлакат сиёсий ҳаётида тенг ва адолатли иштирок этишини таъминлайдиган ҳукумат тузилиши тарафдори, албатта. Янги ҳукумат таркибида ҲТШ вакиллари кўпчиликни ташкил этиши мумкинлигини инобатга олсак, Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек АҚШ, Туркия каби яна бир неча йирик мамлакатлар бу ташкилотни террорчи гуруҳлар рўйхатидан чиқариш масаласини кун тартибига қўйишини тахмин қилиш мумкин.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди.
ЎзА