Сурия ЕИни санкцияларни бекор қилишга чақирди
Европа Иттифоқи зудлик билан Сурия Араб Республикасига нисбатан амалдаги бир томонлама санкцияларни бекор қилиши зарур, чунки бундай қўлловлар биринчи навбатда, шунчаки инсон ҳуқуқларини поймол қилиш билан баробар
Европа Иттифоқи зудлик билан Сурия Араб Республикасига нисбатан амалдаги бир томонлама санкцияларни бекор қилиши зарур, чунки бундай қўлловлар биринчи навбатда, шунчаки инсон ҳуқуқларини поймол қилиш билан баробар. ЕИ – коронавирус пандемияси авж олган мана шундай хавф-хатарга тўла вазиятда ҳам Сурияга қаратилган чекловлар иштирокчиси бўлиб турибди. Сурия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан берилган баёнотда тахминан шундай мазмундаги фикрлар келтирилган.
"Сурия халқи бу санкциялардан жуда кўп азият чекди. Ҳозир кўпчилик давлатлар ва халқаро ташкилотлар АҚШ ва ЕИ томонидан жорий этилган ҳуқуқий асоссиз ва бошқа ҳар қандай санкциялардан, масалан банк ўтказмаларига қўйилган чекловлардан воз кечиш лозимлигини таъкидлашяпти. Сиёсий сабаблар билан боғлиқ санкциялар халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва оддий инсонлар ҳуқуқларининг бузилишидир. Сурия бу фикрларга тўлиқ қўшилади", - дейилади жумладан баёнотда.
Қайд этилишича, ЕИ мутасаддиларининг Сурияга нисбатан қўлланилган бир томонлама санкцияларни қисман тўхтатиш тўғрисидаги чақириқлари, афсуски сиёсий қулфда турибди. Чекловларни олиб ташлаш йўлидаги қатъий ҳаракатлар умуман сезилмаяпти.
Сурия томонининг айтишича, шунчаки чақириқлар ёки баёнотлар ЕИ масъулларини зиммаларидаги масъулиятдан халос қила олмайди. Зеро, санкциялар бевосита коронавирусга қарши курашиш жараёнида тиббий инфратизимни яхшилаш имкониятидан фойдаланишга тўсиқ бўлмоқда.
Дамашқ, шу билан бирга инсон ҳуқуқларини таъминлашга риоя қиладиган давлатларга мурожаат қилиб, санкциялар билан боғлиқ сиёсатдан чекиниш ва аллақачон ўн минглаб инсонлар ёстиғини қуритган пандемиядан қутулишга ҳаракат қилаётган “халқаро оила”нинг умумий интилишларига қўшилишга чақирган.
Маълумки, бундан авалроқ Россия, Хитой, Эрон, Сурия, КХДР, Куба, Никарагуа ва Венесуэла давлатларининг БМТдаги доимий вакиллари ташкилот Бош котиби Антониу Гутерришга мактуб йўллаб, айрим мамлакатларга нисбатан қўлланаётган, коронавирусга қарши курашга халақит бераётган бир томонлама санкцияларни зудлик билан ва тўлиқ бекор қилишни сўраганди. Европа Иттифоқи АҚШ, Буюк Британия, Украина ва Грузия билан биргаликда мазкур таклифга қарши чиқиб, БМТ Бош ассамблеясининг бу борада қарор чиқаришига йўл қўймаганди.
Кейинроқ ЕИ таркибидаги давлатлар Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари кенгаши иштирокида ўтган видеоконференция шаклидаги йиғилиш чоғида коронавирус пандемиясига қарши кураш даврида санкциялар ва чекловлар туфайли айни жараёнда юзага чиқаётган тўсиқлар масалалари муҳокама қилинди. Якунда кенгаш санкциялар муҳим ускуналар ва коронавирусга қарши курашда зарур бўладиган маҳсулотларни етказиб беришга тўсқинлик қилиши керак эмас, деган хулосага келган.
Интернет материаллари асосида
Ғайрат ХОННАЗАРОВ тайёрлади