Нима учун бизда одамлар суд тизимига ишонмайди? Қачон одамлар суд тизимига адолат мезони сифатида қарай бошлайди? Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида “Судьялар клуби – Аёл судьялар ҳамжамиятининг мақсад ва вазифалари” мавзуида ўтган аёл-судьялар ҳамжамиятининг йиғилишида ЎзА мухбири айни шу саволни ўртага ташлади.
Саволларимизга юридик фанлари доктори Сурайё Раҳмонова жавоб берди.
Сурайё Раҳмонованинг айтишича, суд мустақиллиги, судялар мустақиллиги учун изчил, босқичма-босқич чоралар кўриляпти. Вақти билан одамларда судга бўлган ишонч ортади.
“Судлашаётган одам, одатда урушқоқ ўз ҳақ-ҳуқуқини асоссиз талаб қилаётгандек туюлади. Aслида ундай эмас. Ҳозир биз одамларимизга кўпроқ судлашиш бу ёмон нарса эмас, бу ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш, қонун йўли билан, қонун орқали уни ҳимоя қилиш, судга мурожаат қилиш зарурлигини кўпроқ тушунтиришимиз керак. Ва бу сиз айтганингиздек, судга ишончи йўқлиги нуқтаи-назаридан эмас.
Тўғри, албатта, суд тизимида ҳам хатолар бор. Бу хатоларни тузатиш процедураси бор. Яъни, юқори инстанцияларда шикоятлар, жараёнлар асосида суд ҳукмлари, қарорлари бекор қилинади, ўзгартирилади. Бу айни ҳақиқат. Лекин жамиятдаги “яъни суд ҳамиша ноҳақ, судга ишонч йўқ”, деган нарсадан секин-секин аста биз узоқлашишимиз керак. Бу суд тизимини ўзига, судьяларимизни ўзига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки ўз-ўзидан бундай фикр шаклланмаган. Aлбатта, кўп инсонларни ҳаёти, тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган қарорлар ҳам бўлган. Шунинг учун бундай мисоллар, мана шундай воқеалар, ҳодисалар юзасидан одамларда шу каби фикрлар шаклланган. Лекин, мана ҳозирда айтиш мумкин, суд мустақиллиги учун, судялар мустақиллиги учун изчил, босқичма-босқич анча чоралар кўриляпти. Мана шу чораларни, албатта ўзининг натижаси бўлади. Балки мана айнан шу бугунмасдир. Мен ўйлашимча, тўсиқ ясаш керак эмас. Суд билан аҳоли, фуқаролар ўртасида биз ўртада бир-биримизга қарши томонмиз, деб қарашимиз мумкин эмас. Ҳамма шу жамиятнинг аъзоси. Жамиятимизни ривожланиши учун ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши керак. Ҳозир айтганимиздек, судлашиш маданияти қачонки авж олиб, фаоллашса суд тизими ҳам ўз устида ишлашга ва янада ривожланишга мажбур бўлади. Бунга ишонч бўлиши керак.
Суд тизимига ишонч бўлиши учун кўпроқ прецидентлар бўлиши керак. Масалан бир нечта салбий ҳолат ва фактлар бутун суд тизимига баҳо берадиган белги эмас. Умумий олганда тизимнинг ишлаши ижобий, самарали йўлга қўйилган. Лекин, албатта ҳар битта инсонни тақдири бу бебаҳо қадрият. Биз шу нуқтадан фуқаролар билан судни мулоқотини кучайтиришимиз керак ва шу нуқтадан чиқиб, ана шу тўғри конструктив мулоқот ва ишонч бир-бирига ўзаро ишонч даражасига чиқишимиз керак. Бу – муҳим”, дея жавоб берди ҳуқуқшунос Сурайё Рахмонова.