Бугун, 19 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 13-тур учрашувлари старт олади. Мазкур турнинг илк кунида “Андижон“ — “Қизилқум“ ва “Сўғдиёна“ — “Хоразм“ учрашуви бўлиб ўтади.
"Сўғдиёна" – "Хоразм" жамоалари бугунга қадар ўзаро 14 маротаба рақобатлашган бўлиб, “Сўғдиёна” ушбу учрашувларда 6 маротаба ғалаба қозонган бўлса, “Хоразм” 5 та баҳсда зафар қучган. Қолган 3 та ўйин дуранг билан якунланган. Тўплар нисбати 24/20 Жиззах шаҳри жамоаси фойдасига.

“Бобур-арена”да бўлиб ўтадиган “Андижон“ ва “Қизилқум“ клублари бу гал 41-маротаба тўқнаш келмоқда. Мазкур учрашувга қадар ўтган 40 та баҳснинг 18 тасида “Қизилқум”, 14 та ўйинда эса “Андижон” ғолиб бўлган. Яна 8 та учрашув дуранг билан якун топган. Ўйинларда “Қизилқум” 62 марта гол уриб, ўз дарвозасидан 52 та тўп олиб чиққан.

Бу натижалардан кўриниб турибдики, ушбу жамоалар ҳар жиҳатдан бир-бирига муносиб ва шу сабабли ҳам бугунги баҳслар кескин ва мурасасиз ўтиши шубҳасиз.

Қуйида Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган бошқа учрашувлар билан танишасиз:
20 июнь: “Нефтчи” — “Бухоро”, “Машъал” — “Насаф”,
21 июнь: “Навбаҳор” — “ОКМК”,
22 июнь: “Пахтакор” — “Қўқон-1912”, “Шўртан” — “Сурхон”
23 июнь: “Динамо” — “Бунёдкор”
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА