Суперлига: “Пахтакор” очко йўқотди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган ОКМК – “Бунёдкор” ва “Шўртан” – “Пахтакор” жамоалари баҳси ўз якунига етди.
Олмалиқда ташкил этилган ОКМК ва “Бунёдкор” баҳсида мухлислар жами 6 та голга гувоҳ бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, учрашув давомида мезбонлар таркибида Хуршид Ғиёсов дубль қайд этган бўлса, Нодирбек Абдураззоқов, Рубен Санчес (пенальти) ва Авазбек Ўлмасалиев рақиб дарвозасига биттадан гол урди. “Бунёдкор” жамоасининг ягона голи Нажмиддин Нормуродов томонидан киритилди.

Шу тариқа 5:1 ҳисобида зафар қучган ОКМК очколарини 40 тага етказиб олди. Пойтахт клуби эса 38 очко билан қолди.
Ғузордаги "Марказий" стадионида ўтган “Шўртан” – “Пахтакор” учрашувида ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олдилар.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА