Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 15-туридан ўрин олган “Динамо” – “Насаф”, “Пахтакор” – “Навбаҳор” клублари баҳси кескин ва муросасиз ўтди.
Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтказилган "Пахтакор" ва "Навбаҳор” жамоалари учрашувида 2:0 ҳисоби қайд этилди. Мазкур беллашувдаги голларга Жавино Фламарион ва Игорь Сергеев муаллифлик қилди. Бу муваффақиятдан сўнг, “Пахтакор” очколарини 26 тага етказиб олди ва жадвалнинг 6-поғонасига кўтарилиб олди. “Навбаҳор” эса гарчи ҳисобида 26 очко бўлса-да, голлар нисбатига кўра 7-ўринга тушиб кетди.

Дарвоқе, ушбу учрашувда рақиб дарвозасини ишғол қилган Игорь Сергеев чемпионат тўпурарлари рўйхатида 11 та гол билан яққол пешқадамга айланди.
Суперлига пешқадамлари баҳси Самарқанд шаҳридаги "Динамо" стадионида ўтказилди. Унда “Динамо” ва “Насаф” жамоалари 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Натижада “Насаф” 33, “Динамо” эса 29 очко билан мусобақа жадвалининг биринчи ҳамда иккинчи поғонасидан ўрин олди.

Бугун, 7 июль куни миллий чемпионатимизнинг 15-тури якунланади. Унда “Нефтчи” ва “Хоразм” жамоалари ўзаро рақобатлашади. Учрашув Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида соат 20:00 да бошланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА