Бугун, 9 сентябрь куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов иштирокида талабаларни турар-жой билан таъминлаш, ижара ва тўлов-контракт масалалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида вазир тиббиёт олийгоҳларига киришда етарли билими бўлмаса-да, супер-контракт тўлаб, талаба бўлаётганлар ўқишни битиролмаслиги ҳақидаги фикрларини билдирди. У кредит-модул тизими таълимдаги коррупцияни йўқота олишини, жамоатчиликдан бунинг учун унга бир йил вақт беришларини сўради.
— Шунинг учун мен бугун ота-оналарга мурожаат қилдимки, болангиз эртага ўқиб кета олишига ишонсангиз, супер-контракт асосида ўқитинг. Кредит-модулда аввалгидай телефон қилиб, таниш-билиш орқали болангизни курсдан-курсга ўтказолмайсиз, — деди вазир.
Хўш, А.Тошқулов қандай сабабларга асосланиб бундай фикрларни билдирди?
Буни Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Боймуродов қуйидагича изоҳлади.
— Ўтган йилги ва ундан олдинги йиллардаги тажрибалар шуни кўрсатяптики, супер-контрактда ўқиётган талабаларнинг биология, химия фанларидан умумий ўзлаштириши ўқишга кирган талабаларнинг балларига нисбатан паст бўлган. Супер-контрактга кирганлар бошқа талабаларга нисбатан ўқишни кеч бошлашади. Шу нуқтаи назардан уларни ўзлаштириши қийин бўлади.
Фақатгина супер-контракт билан эмас, паст балл билан ўқишга кираётган талабалар ҳақида ҳам фикрларимни билдириб ўтмоқчиман. Мисол учун, умумий конкурсда 178 балл олган талаба билан 78 ёки 65 балл тўплаган талабанинг билимида жуда катта фарқ бор. Чунки 178 балл тўплаган талаба 1-курсга келганда фундаментал билимга эга бўлади. 65-70 балл олган талабаларни биринчи курсдан ўзлаштириб кетишлари ниҳоятда қийин. Сабаби, биология, генетика, одам анатомияси, ботаника каби фанларни, айниқса, химияни тиббиётга тегишли бўлган қисмини ўзлаштира олмаган талабаларнинг ўқишни давом эттириб кетишлари осон бўлмайди. Иккинчи, учинчи курслардан эса ўқишлар янаям чуқурлаштирилади.
Албатта, паст балл тўплаган талабалар орасида ҳам тиришқоқ, ўз устида ишлайдиганлари ҳам бор. Афсуски, улар кам сонли. Бу йилдан кредит-модул тизимига ўтилди. Бу модул талабанинг ўз устида мустақил ишлашига ундайдиган тизим. Билими ёки ўзлаштириши паст бўлган талабалар олий таълим муассасасида ўқиётган талабаларнинг умумий сифат кўрсаткичига таъсир қилади. Ваҳоланки, тиббиётчилар одам организми билан ишлагани учун билими паст ёки лаёқатсиз талаба бугунги кундаги соҳа қўйган талабларга жавоб беролмайди. Шу сабабли тиббиёт олийгоҳларида ўқиётган ўзлаштириши паст талабаларни бошқа олийгоҳларда ўқиётган талабаларга нисбатан четлаштириш, курсдан-курсга қолдириш юқори.
Билимни баҳолашнинг шаффоф ҳамда рақамлаштириш тизимига инсон фактори аралашмайди. Талаба ўзининг билимини синаб, нималарга қодирлигини билади. Ана ўшанда билими борлар ўқийди, билими йўқлар ўз-ўзидан курсдан-курсга қолиб, қайта ўқишига ёки бу соҳадан кетишига тўғри келади. Шундагина таълимда сифатни яхшилашга эришилади, — дейди Шуҳрат Боймуродов.
Нигора Раҳмонова, ЎзА