Сунъий интеллект ҳамжамияти ташкил этилди
Ахборот асрида кун сайин сунъий интеллектнинг қўлланилиш соҳаси ва унга талаб ортиб бормоқда.
Сунъий интеллект орқали тиббиёт, таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа кўплаб соҳаларда сифатли хизмат кўрсатиш мумкин. Бугунги кунда айрим давлатларда робот-ҳамширалар, ҳайдовчисиз транспорт воситалари, буюртмани етказиб берувчи дронлар хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Пандемия даврида эса бундай ихтиролар ўз самарасини берди.
Юртимизда ҳам сўнгги йилларда ахборот технологияларини ривожлантириш, соҳа ва тармоқлар фаолиятига рақамли технологияларни жорий этиш, “ақлли дастурлар”нинг қўлланиш соҳасини кенгайтириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Жорий йил 11 июль куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясига оид фармони лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳада эса бевосита сунъий интеллектни ривожлантириш учун муҳим бўлган ўнлаб ҳужжатлар келтирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили, дея номланиши республикамизда рақамли иқтисодиётга ўтиш ва ахборот технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолатдир.
Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ва Лойиҳалар бошқаруви маркази ҳамкорлигида ҳам соҳани ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мазкур ташкилотлар ҳамкорлигида Сунъий интеллект ҳамжамияти ташкил этилди.
Сунъий интеллект имкониятларини муҳокама қилиш, лойиҳалар яратиш ва уни ривожлантириш бўйича иш олиб борувчи ҳамжамиятнинг ташаббускори ёш стартапчи Улуғбек Исматов бўлиб, унинг фикрича, халқаро бозорда сунъий интеллектга асосланган технология ва лойиҳаларга талаб кундан-кунга ошиб бормоқда. Бу йўналишда Ўзбекистонда ҳам лойиҳалар кўп. Ушбу ҳамжамият эса юртимиздаги ана шундай сунъий интеллектларни турли соҳаларда татбиқ этиш ва уларни халқаро бозорга олиб чиқишга кўмаклашишни мақсад қилган.
Сунъий интеллект ҳамжамиятининг дастлабки йиғилишида "TASS-VISION", "AXON.COM" мисолидаги лойиҳалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, лойиҳа бошқарувчисини танлаш жараёни бўлиб ўтди. Эндиликда ҳар ой ушбу ҳамжамият томонидан соҳага доир учрашувлар ўтказилиб борилади. Учрашувлар давомида яратилаётган янги сунъий интеллект лойиҳалари муҳокама қилиниб, ўзаро фикр ва тажриба алмашилади. Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва юртимиздаги ахборот технологиялари йўналишидаги ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва сунъий интеллектга асосланган технологияларни маҳаллий бозорда жорий этиш бўйича иш олиб борилади.