Сунъий гавҳар қўйиш такомиллашмоқда
Ҳозирги кунда аҳоли орасида кўз гавҳари, глаукома, катаракта каби касалликлар кўпайиб бормоқда. Бунга кўп ҳолларда, қандли диабет, гипертония, наслдан наслга ўтувчи касалликлар сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, кўз касалликлари гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, дори воситаларини шифокор маслаҳатисиз уй шароитида қабул қилиш ҳамда ўз вақтида шифокорга мурожаат этмаслик оқибатида келиб чиқади.
–Энг ёмони кўз касалликлари билан боғлиқ муаммога аҳамият қаратмаслик, кўрув нерви атрофияси ривожланишига, кўз ожизлигига олиб келиши мумкин, – дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиали олий тоифали, офтальмолог шифокори Комилжон Холйигитов. – Шифохонамизга шифо умидида келаётган беморларимизнинг кўпчилигида шунга ўхшаш белгилар кузатилади. Сабаб эса, аниқ. Ўз вақтида офтальмолог кўригига бормаслик, шифокордан маслаҳат олмай, ўзича даволанишнинг оқибати, десак муболаға бўлмайди.


2018 йилда шифохонага Германияда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 700 миллион сўм бўлган, энг сўнги русумдаги “Аллегро” аппарати келтирилган бўлса, яқинда АҚШда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати, 400 миллион сўмлик “Факоэмульсификатор” русумли аппарат шифохонанинг ички маблағлари ҳисобига келтирилди. Энг қувонарлиси мазкур аппарат келтирилганга қадар кўзга сунъий гавҳар қўйиш амалиёти қўлда бажарилган бўлса, энди бу турдаги амалиётлар “Факоэмульсификатор” аппарати ёрдамида ўтказилади.
–Кўз шоҳ пардаси билан боғлиқ амалиёт қўлда бажарганда 12 миллиметр кесилиб, катта жароҳатга сабаб бўлган бўлса, “Факоэмульсификатор”да бу каби жароҳатнинг олди олинади, – дейди Комилжон Холйигитов. – Мазкур ускунани амалиётда ишлатиш орқали кесим жароҳати кичраяди, жароҳат тез битади, жарроҳлик амалиёти вақти, беморнинг стационарда қолиш давомийлиги қисқаради ва амбулатор шароитда даволаб, бир кунда жавоб бериш имконияти вужудга келади. Бу дунё офтальмологиясида катаракта амалиётининг “олтин стандарти” ҳисобланади. Муҳими, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалига келтирилган “Факоэмульсификатор” “компьютер-аппарати” кўз гавҳарини қисқа вақтда алмаштириш имконини бермоқда.


Шуҳрат Суяров, ЎзА