Гулистон давлат педагогика институтида “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда “Ўзбек тили ва тилларни ўқитиш” кафедраси профессори, филология фанлари доктори Элмурод Насруллаев иштирок этиб, талабалар билан мазмунли ва қизғин суҳбат ўтказди. У ўз маърузасида жадидлар ҳаракатининг миллий уйғониш тарихидаги ўрни, уларнинг маърифатпарварлик ва замонавий давлатчилик ғояларини шакллантиришдаги ҳиссаси ҳақида атрофлича тўхталиб, жумладан шундай деди:

– Жадидлар фақат маърифат улашувчи муаллимлар эмас, балки миллат тақдири учун жонкуярлик кўрсатган зиёлилардир. Уларнинг ғоявий мероси бугун ҳам долзарб, чунки улар миллий ўзлик, тилимизни, маданиятимизни, мустақил фикрлаш туйғусини асраш ва ривожлантириш учун курашганлар. Ёшлар бундай меросни билиши ва уни ҳаётга татбиқ этиши жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайди.

Суҳбат чоғида жадидлар ҳаракатининг тарихий илдизлари, уларнинг миллий уйғониш ва мустақиллик сари қадамларида тутган ўрни, ҳамда бу ғояларнинг бугунги Ўзбекистондаги давлатчилик концепцияси билан уйғун жиҳатлари таҳлил қилинди.
Тадбир якунида “Ёш жадидлар” лойиҳаси доирасида илмий мақола тайёрлаб, фаол иштирок этган иқтидорли талабалар тантанали равишда сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

– Жадидлар мероси – бу бизнинг руҳий тиргакларимиздан бири. Улар ўз замонида таълим, маърифат ва миллий уйғониш учун курашган бўлсалар, биз бугун уларнинг ғояларини илмий жиҳатдан ўрганиб, уларни янги авлод онгига сингдиришимиз лозим. Тадбир мен учун улкан илҳом манбаига айланди ва янада кўпроқ ўқиб, ўрганишга чорлади, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Педагогика факультети бошланғич таълим йўналиши 2-босқич талабаси Зуҳра Ўринбоева.

Маърифий тадбир ёшларда миллий ғурур, тарихий хотира ва маънавий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, шу орқали фаол ва масъулиятли авлодни тарбиялашга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири