Суғурта илми тараққиёт поғонасида...
Бугун, 3 декабрь куни «Ўзбекинвест»ЭИСК АЖ билан Тошкент молия институти ўртасида мақсадли ва истиқболли Меморандум шартномаси тузилди.
Мазкур келишувга кўра, эндиликда компания таркибидаги «Суғурта мактаби» асосида Тошкент молия институтининг «Суғурта ва пенсия иши» факультети ўз фаолиятини бошлайди.


Ҳаётимизга кун сайин янги талқиндаги таклиф ва ғоялари билан кириб улгурган суғурта бозори бугунги Янги Ўзбекистон тараққиётида қанчалик аҳамиятга эга? Одамлар тафаккурида жамғариб бориладиган нафақа ва ихтиёрий суғурта имкониятлари, дунё суғурта бозорида табора такомиллашиб бораётган тиббиёт суғуртасичи?
Ҳар бир оилага ишончли ва кафолатли таклифлар. Замон билан бирга қадам ташлайдиган суғурта мутахассисларини тайёрлаш...
Яхлит бир тизимни ташкил этадиган мазкур соҳа бугун тараққиётнинг қайси йўналишида? Суғурта тушунчаси ҳаммага бирдек ойдинми?
Таклифлар борасида янги талқинга қанчалик эҳтиёж сезяпмиз? Бу борадаги билимларни чархлашнинг айни пайти эмасми бугун?
«Ўзбекинвест» ЭИСК АЖнинг Бош директори Рустам Азимовнинг Тошкент молия институти талаба ёшлари билан ўтказган очиқ мулоқоти ана шу жиҳатлари билан долзарблик касб этди.


Мазкур мулоқот компаниянинг замонавий суғурта бозорига янгича фикрлайдиган, илмли, салоҳиятли ёшларни жалб этиш Янги Ўзбекистоннинг стратегик лойиҳасини амалиётга жорий этиш заруратидан келиб чиқди.
Янги йўналишдаги факультетнинг очилиш маросимида суғурта компанияси раҳбари Р.Азимов ёшларни қатъият билан илгари ҳаракат қилишга чорлаб, кўпроқ китоб ўқишга чақирди.
«Яхши мутахассис бўлиш учун серқирра инсон бўлиш лозим. Бу эса нафақат ўз соҳангиз, балки бошқа соҳаларда ҳам мунтазам ўқиб ўрганишни тақозо этади. Мен бир ишни эплолмайман, деган иборани луғатингиздан олиб ташланг. Барча муаммонинг қаердадир ечими бор ва у сиз билан бизнинг ҳаракатимиз, хоҳишимиз ва бажараётган ишимизга нисбатан бўлган ишончимизга боғлиқ.
Мен бу факультетни «Ўзбекинвест» суғурта биносида очганимнинг боиси сизлар қайноқ фаолият ичида бўласиз. Керак бўлса, мен ўзим сизга илмий раҳбар бўлиб, биргаликда Янги Ўзбекистон суғуртасини юқори даражага олиб чиқишга астойдил ҳаракат қиламиз», деди Рустам Азимов.
Реклама ҳуқуқи асосида
Гулчеҳра Мирзаева, ЎзА