ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғонада Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги “Сувчи” жамоат бирлашмаси нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда “Яшил кун тартиби”ни ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида Фарғонадаги “Сувчилар мактаби”да семинар бўлиб ўтди. Соҳа вакиллари, экологлар, экспертлар, оммавий ахборот воситалари ходимлар иштирок этган тадбирда тобора чуқурлашиб бораётган экологик муаммолар, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” технологияларни татбиқ этиш мавзусида маърузалар тингланди.
[gallery-23114]
– Глобал исиш ва экин майдонларининг кенгайиши сув танқислиги шароитида суғоришни илғор усулларда йўлга қўйишни тақозо этади, - дейди “Сувчи” жамоат бирлашмаси директорлар кенгаши раиси Тоҳир Мажидов. – Каналларни бетонлаштириш топшириғи кўп марта таъкидланяпти. Бу борада муайян ишлар қилиняпти, лекин ечимини кутиб турган вазифалар ҳам оз эмас. Фермерлар экинларни томчилатиб, бошоқли донни ёмғирлатиб суғоришга тўлиқ ўтмасалар, яхши самарага эришиб бўлмайди. Ҳозирги кунда томорқаларни суғориш учун тик қудуқлар қазиб, улардан фойдаланишни афзал кўрганлар кўпайган. Бу нотўғри тажриба, албатта. Тик қудуқларни қазиш натижасида ер ости сувлари камайиб кетмоқда. Уларнинг қуриб қолиш хавфи ҳам кучаймоқда.
Тадбирда сўз олганлар мана шундай асосли фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Иштирокчилар Фарғона туманидаги чегара ҳудудида жойлашган “Водил сув тақсимлаш иншооти”ни бориб кўрдилар.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА