Суғориш тармоқларида муаммо бўлмайди
Баҳор кириб келиши билан қишлоқ хўжалигида суғориш мавсуми бошланади. Хўш, вилоятдаги суғориш тармоқлари мавсумга шайми?
Бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида кузги-қишки мавсумда магистрал ва хўжаликлараро каналларда амалий ишлар режалаштирилган бўлиб, улар деярли якунига етказилди. Деҳқон ва фермерларга сув бериш бошланган. Боиси қишлоқ хўжалиги ишлари қараб турмайди. Деҳқон учун ўтаётган ҳар бир дақиқа ғанимат. Жойларда ғаллазорларга биринчи сув қуйилмоқда. Шунингдек, чигит экиш учун мўлжалланган далаларга пушта сувлари олинмоқда.

Айтиш жоизки, суғориш тармоқларини тозалаш учун вилоят бўйича жами 57 та экскаватор жалб этилган. Шундан, сув хўжалиги тизим ташкилотларидан 18 та, кластер ҳисобидан канал, коллекторларда 22 та, пудратчи корхоналар томонидан 11 та экскаватор билан тозалаш тадбирлари олиб борилган. Хусусан, вилоятнинг Косон тумани ирригация бўлими ходимлари ва мироблари томонидан кузги-қишки тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, кластерлар, фермер, деҳқон хўжаликлари томонидан белгиланган тадбирлар бажарилиб, суғориш тармоғи сув очишга шай ҳолатга келтирилди.

Суғориш мавсумини қандай ўтиши албатта кузги-қишки тадбирларни қай даражада сифатли ўтганига узвий боғлиқ. Жумладан, туманда 2022-2023 йиллар кузги-қишки мавсумда 23 километр хўжаликлараро каналлар, 31 километр кластер ва фермерларнинг ички суғориш тармоғини тозалаш режалаштирилган. Айни кунда 50 километр суғориш тармоқлари механизм билан ҳамда 870 километрдан ортиқ ички суғориш тармоқлари қўл кучи ёрдамида (ҳашар) тозаланди. Туманда тозалаш ишларига 9 дона экскаватор, сув хўжалиги ташкилотларидан 120 нафар ишчилар ҳамда кластер ва фермерларнинг 920 нафардан ортиқ ишчилари жалб этилган. Жумладан, туманнинг асосий суғориш тармоғи бўлган Пистали каналининг 7,5 километр қисми тозаланиб, 7654 гектар ҳамда Р-24 каналининг
8,5 километр қисми тозаланиб 6628 гектар майдонларни сув таъминоти яхшиланди.

Қашқадарё вилоятида иқтисодиёт тармоқлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувнинг 75 фоизи Амударёдан олинади. Ушбу ҳавзадан Қашқадарё вилоятига сув етказиб берувчи асосий канал Қарши магистрал канали ҳисобланади. Унинг вилоят сув хўжалигидаги тутган ўрни ва аҳамияти катта. 105 километр узунликдаги мазкур магистрал канал вилоятдаги 5 та (Нишон, Касби, Қарши, Ғузор, Косон) туманларидаги 218 минг гектар майдонларни кафолатли сув билан таъминламоқда. Хусусан, мазкур канал орқали ҳудуддаги Амударёдан олинган сув қийинчиликлар эвазига такроран М-2, М-3, “Шўртан” насос станциялари орқали Ғузор, Косон, Қарши туманларидаги сув истеъмолчиларининг даласига етказиб берилади.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Амударё сувининг лойқалик ҳажми юқори бўлиб, 1 метр кубда 17 килограммни ташкил этади. Бу ҳолатлар ўз-ўзидан Қарши магистрал каналидан сув билан таъминланувчи бошқа каналларни тез ва қисқа муддатларда тозалаб туриш вазифасини юклайди. Қарши магистрал каналида кузги-қишки тадбирлар ўз ниҳоясига етган бўлишига қарамасдан, ундан сув олувчи “Р-19” каналига 2 та экскаватор жалб этилиб каналнинг 4,5 километр қисми, М-3 каналининг 2,7 километр қисми ва Касби туманининг 70 фоиз суғориладиган майдонларини сув билан таъминловчи Оби-ҳаёт каналининг 3,2 километр қисми лойқа ва чўкиндилардан тозаланди.
– Ушбу каналларда тозалаш ишларига 64 нафар ишчи жалб этилиб, уларга қулай меҳнат шароитини яратиш мақсадида канал атрофида иссиқ овқат ташкил этилди, – дейди ҚМКИТБ масъул ходими Илҳом Исмоилов. – Қолаверса, ушбу каналларда сув ресурсларини самарали ва оқилона бошқариш учун 23 дона гидротехника иншоотлари таъмирланди, сувни бошқариш жараёнларига шай ҳолатга келтирилди. Натижада, мазкур каналларга боғлиқ 32,2 минг гектар суғориладиган майдонлардаги қишлоқ хўжалиги экинлари ва аҳоли томорқаларига ишончли сув таъминоти яратилди. Мазкур каналларнинг фойдали иш коэффициенти 0,65 фоиздан 0,67 фоизга кўтарилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.