Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Оролбўйида суғориладиган майдонларнинг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолати ва сув таъминотини яхшилаш борасида ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилмоқда.
Сўнгги йиллардаги глобал иқлим ўзгариши натижасида кузатилаётган сув танқислиги, ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келганлиги суғориладиган экин ерларининг йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Тахиатош, Шўманой, Қонликўл, Қўнғирот ва Мўйноқ туманларини сув билан таъминловчи “Суенли” туманлараро канали 1941 йил қурилган бўлиб, умумий узунлиги 96,6 километрни ташкил этади. Лойиҳавий сув ўтказувчанлик қобилияти 140 м3/секунддан иборат. Мазкур канал Амударёнинг чап қирғоғидан сув олиб, жами 171 минг гектардан зиёд майдонни сув билан таъминлашга мўлжалланган.
Аммо Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган шимолий туманларни асосий сув билан таъминловчи йирик каналда ишга туширилгандан буён бугунги кунга қадар реконструкция қилиш ишлари олиб борилмаган. Дарёдан оқиб келаётган сувлар асосан лойқа сувлар бўлиб, каналга чўкиндилар ўтириб қолиши, дамбалар емирилиб, лойиҳавий параметрлари ўзгариб кетиши натижасида керакли миқдордаги сувни ўтказиш имкониятини йўқотган. Каналнинг фойдали иш коэффициенти 0,57 фоизга тушиб, сув ўтказиш қобилияти 75 м3/секундни ташкил қилади. Туманлардаги экин майдонларнинг сувга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб беришда муаммолар юзага келмоқда.
Шунингдек, каналнинг ПК360+00 (Қаробайли), ПК480+00 (Киндик-ўзак), ПК794+00 (Табан-кўл) ва ПК960+00 (Жинишке) жойлашган туманларга сувни кўтариб беришга хизмат қиладиган йирик сув тақсимловчи иншоотларида ҳам кўп йиллардан буён реконструкция ишлари олиб борилмаган. Шу сабабли иншоотларнинг қопқоқлари ва кўтариш қисмлари эрозияга учраган ҳамда электр узатгичлари таъмир талаб ҳолатига келган. Сувни тақсимлаб бериш қобилиятини йўқотган.
Каналнинг 96,6 километр қисмида бетонлаш ва йирик гидротехник иншоотлар ва сув ўлчаш постларини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, сувни бошқариш тизими янги замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва автоматлаштирилган тақдирда ушбу каналнинг фойдали иш коэффициентини 0,57 дан 0,93 га ошириш мумкин. Сув ўтказиш қобилияти ўртача 130 м3/секундгача ортиши, каналнинг сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва истеъмолини тежаш мақсадида жами 25 минг гектар суғориладиган ер майдонида лазерли текислаш ишларининг амалга оширилиши натижасида сув олувчи туманларнинг қишлоқ хўжалик экин майдонлари кафолатли сув билан таъминланади. Шунингдек, сув танқислиги йилларида фойдаланишдан чиқиб кетган 37 минг 434 гектар майдонни қишлоқ хўжалигида фойдаланишига қайтарилишига имконият яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида Франция тараққиёт агентлиги ҳамда Европа инвестиция банки мутахассисларининг иштирокида ўтказилган тадбирда “Суенли” магистрал каналини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, унинг реконструкциясига 113 миллион АҚШ доллари ажратилиши режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари “Суенли” магистрал каналининг бугунги ҳолати билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА