Судьянинг вазифаси аввало низони ҳал этишдир
Агарда, кредит низоси бўйича бир судья бир кунда битта низо томонларини муросага келтирса, камида бир иш ўрнини сақланиб қолади ёки бир оиланинг ижтимоий аҳволи ёмонлашмайди.
Бу каби ҳолатга бутун республика судлари бўйича олиб қаралса, бир кунда камида 200 иш ўрни сақланиб қолинади ёки 200 оила аҳволи ёмонлашмайди.
Ушбу жараённи 5 иш кунидан иборат бир ҳафтага, кейин бир ойга, кейин бир йилга кўпайтириб ҳисоблаб кўраверинг натижадан ҳайратда қоласиз.
Ўтган йил якуни бўйича Тошкент шаҳар туманлараро судларидаги жами ишларнинг 2871 таси, яъни сал кам 9 фоизи бўйича фуқаролик ишлар кўрмасдан қолдирилган.
Ана шу кўрмасдан қолдирилган 2871 та ишларнинг 1952 тасини даъвогар томонидан берилган ишни кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги аризага асосан кўрмасдан қолдирилган ишлар ташкил этади.
Демак, жами кўрмасдан қолдирилган ишларнинг 67,99 % фоизида даъвогарлар аризани кўрмасдан қолдиришни сўраган.
Айнан ушбу 67,99 фоиз (50 фоизга яқини қарздорлик, кредит билан боғлиқ низолардир. Ҳали ҳам карантин даврида кредит низолари кам кўрилганлиги жараёнида кўрсаткич шундай бўлган. Нормал ҳолатда эса судьяларнинг тарафларни муросага келтириш орқали низоларни ҳал этиш имкони яна ҳам ошади) ичида судьяларнинг тарафларни келиштиришга бўлган ҳаракати, яъни кредит тўлови бўйича тарафларни музокарага чақириш йўли билан низоларни ҳал этиши устуворлик қилади.
Мисол учун битта ФИБ туманлараро суди бўйича, 2021 йилнинг 1-чорагини таҳлил этсак, жами кўрмасдан қолдирилган ишларнинг 30 фоизи яқин кредит низоларига оид ишлар ташкил этган.
Демак, судьялар томонидан кредитор ва қарздорни муросага чақириш ишлари наф берган.
Буни имконияти борми дейсизми? Бор албатта. Қандай қилиб дейсизми?
Унда аввал бошдан бошлаймиз. Аввало бугун берилаётган кредитлар, кредитдан кўра, фақатгина банкларнинг бир тарафлама тадбиркорлигига ўхшайди. Нега? Чунки кредитдан фойдаланганлик фоизи жуда юқори ва муддат қисқа. Бундан ташқари, таваккалчиликка асосланган тадбиркорлик фаолияти бир-икки йилда ўзини ўнглаб олишга қаратилган фаолият эмас? Таҳлилларга қараганда, камида бу учун 5-6 йил вақт талаб этилади.
Худди шу каби микроқарзларнинг ҳам асосий қисмини бир йилга мўлжаллангани бу қарз олувчини фойдасига хизмат қилмайди. Бу аксиома.
Сабаби яна ўша, содда қилиб айтганда - фоизларнинг жуда юқорилиги, публицистик-расмий тилда айтганда эса, халқаро стандартлардан ҳам анча юқорилигидадир.
Бундан, турли давлат дастурлари асосида берилаётган паст фоизли кредитлар, ижтимоий бизнес лойиҳалари мустасно.
Албатта, мазкур жараёнга инфилация, марказий банк фоиз ставкаси, кредит ресурслари ва ҳакозалар таъсир этади.
Айтайлик судья кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириш ва кредит шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор ҳам қабул қилди. Албатта бу қарорларнинг ижроси зўрма-зўраки бўлса ҳам 70 фоизга таъминланар. Лекин бундан ким ютади банкми? Қарздорми? Жамиятми? Давлатми? Йўқ бу тўртала субъектнинг ҳеч бири ютмайди. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.
Чунки, банк ўз олдига қўйган мақсад – кредит шартномасидан уни якунлаб оладиган муайян даромадини олаолмайди. Қарздор ўз мақсади – олинган кредит билан ками-кустини тўғирлай олмайди, тадбиркорнинг эса, бизнеси тўхтайди.
Бу мисолда давлат ўз олдига қўйган мақсад – аҳолига яхши шароит, иш ўрни яратишни, бандликни таъминламайди, солиқ тушуми камаяди, иқтисодиётга салбий таъсир ортади ва ҳакозо...
Кредит низоларини ҳал этиш орқали суд аҳоли (қарздор)га, банк (кредитор)га, давлат ва жамиятга қандай кўмак бера олади?
Мана шу ерда, қонуний асос керак. Қонуний асос эса, бор. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 201-моддасида судья аризани қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарганидан сўнг ишни ўз вақтида ва тўғри кўриб чиқиш ҳамда ҳал қилиш мақсадида уни суд муҳокамасига тайёрлайди.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш вазифаларидан бир тарафларни яраштиришдан иборат деб белгилаб, қўйилган. Ва бу каби норма Фуқаролик процессуал кодексининг яна бир неча нормасида учрайди.
Ўз навбатида, мавзу доирасида бу қонуний асос келишув битими, яраштирув институтидан бир оз фарқ қилади. Яъни, кредитор ва қарздорни ўзаро муросага келишни таклиф ва тавсия бериш орқали амалга оширилади.
Масалан: кредиторга айтилади «ҳурматли кредитор, Сиз!» Албатта сизлаш керак... «Қарздордан кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундириш ва кредит шартномасини бекор қилишга даъво берибсиз...Бу борада Сиз қонун ўз ҳуқуқингиздан, шартнома шартларидан фойдалангансиз, эътироз йўқ...»
Бу қарздорнинг айтиши бўйича ва иш ҳужжатларидан кўринишича, у кредитни яқинда олган экан, мана энди 2-3 ойдан бери ишларим юришди демоқда, карантиндан эсон-омон чиқиб олибди, агар лозим топилса, имкон берсангиз, у кредитдан келиб чиққан ҳам асосий қарзнинг фоизларини ҳам фоиз қарздорлигини тўламоқчиман, фақат имкон беринглар демоқда.
Келинг қарздор ўзи айтганидек, даъво талабини қисман тўласин, шартномани бекор қилиб, муддати ўтмаган асосий қарздорликни ундириб, бу шахсни қийнаб қўйиш мумкин, бундан на сиз, на у, на давлат ва жамият ютади.
Шундай экан бугунгача бўлган қарзини қопласа, Сиз даъвонгизни қайтариб (кўрмасдан қолдириш масаласини ўйлаб кўринг) олинг», айнан мана шунга эришган судья низони чин маънода ҳал этган бўлади (агар бунга имкон бўлса).
Албатта қонунни қўллаб, тезда қарор қабул қилишдан ҳам осони йўқ, унда юқорида айтганимдек, буни жамиятга наф кам.
Қонунни қўллашгача ҳам бор чора кўриш, тарафларни муросага келтиришнинг бор барча имкониятини ишга солиш ҳам керак. Процессуал қонун бузилиб қолади, иш кўришни муддати бир оз ўтиб кетади, гап эшитаман, кейинги муддатга ўтаолмай қоламан деган фикрлардан кўра, бугун олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёни, «одил судлов - азиз инсон учун», деган эзгу тамойилга собитлик билан устувор қараш лозим.
Негаки, Ўзбекистон Республикаси ФПКсининг 201-моддасига мувофиқ, фуқаролик суд ишларини юритиш вазифалари, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишларини тўғри, ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат деб кўрсатилган.
Назаримда, ижтимоий адолат қачон таъминланади? Суднинг қарорлари билан низо ҳал этилса, низо камайса, тотувлик қачон бўлади, суднинг қарори билан бир оила ўзини ўнгламас бўлиб, жамиятдан ажраб қолмаса, судга мурожаат қилган кишининг давлат ва жамиятга нисбатан ҳурмати ошса, судга нисбатан ҳурмат муносабати қачон ошади суднинг қарори нафли бўлса, низони ҳал этса, ижро бўлса, азиз инсонга хизмат қилса, ана шундагина одил судлов деган тушунча тез-тез аҳоли орасида ишлатиладиган бўлади.
Айтмоқчиманки, бугунги АКТ, замонавий илғор инновация, янги технология асрида қонунни қўллашни... сунъий интеллект ҳам бемалол амалга ошираверади...
Бир сўз билан айтганда, суд фақат ишни қонунан тўғри ҳал этиши керак деган нормалар билан бирга, асосий қонунимиз тамойилларига биноан одил судловни суд ҳокимияти амалга ошириши, ҳар учала ҳокимиятнинг эса, бирдан бир манбаи халқ эканлиги доим ёдимизда туриши даркор.
Нуриддин МУРОДОВ,
Тошкент шаҳар
Учтепа туманлараро суди судьяси