Судьяликка номзодлар қандай имтиҳон қилинмоқда?
Судьялар қандай танланади ёки тайинланади, деган саволга илгари жавоб бериш бироз мушкул эди. Чунки айнан шу йўналишда очиқлик таъминланмас, соҳага қандай кадрлар танлаб олиниши ҳақида ҳеч қаерда маълумот ҳам берилмасди.
Бугун эса кимлар судьяликка номзод эканидан тортиб, судьяликка тайинлаш бўйича имтиҳон жараёнлари ҳам очиқ-ошкора амалга оширилмоқда.
Бу Судьялар олий кенгаши томонидан тизимда очиқлик, шаффофликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар туфайли.
Судьяликка номзодларни кенгаш аъзолари имтиҳондан ўтказар экан, уларга исталган саволларини бериш билан бирга ҳаётий тажрибаси, дунёқарашини ҳам синовдан ўтказади.
Тажрибали судьялар, ҳуқуқшунос олимлардан таркиб топган 20 га яқин кенгаш аъзолари олдида саволларга жавоб бериш учун ҳам номзодда билим ва тажриба етарли бўлиши шарт.
Эътиборли жиҳати, очиқ имтиҳон жараёнларини бошқа номзодлар, суд тизими ходимлари, ҳатто вилоят судлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари кузатиб боради.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тизим фаолияти очиқлик мезонига асосланмас экан, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш масаласида амалга оширилаётган ишларга соя тушаверади.
Судьялар олий кенгашининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида бир гуруҳ судьяликка номзодлар имтиҳондан ўтказилди.
Йиғилиш аввалида Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров суд тизимини етарли ҳаётий тажрибага эга бўлган, юқори малакали кадрлар билан тўлдиришга ҳаракат қилинаётганини таъкидлади.
Тизимдаги шаффофлик белгиларидан яна бири бўш турган судьялик лавозимлари, суд тизимидаги бошқа бўш иш ўринлари ҳақида ҳам очиқ эълонлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилмоқда.
Йиғилиш давомида саволларга тўлақонли жавоб берган 12 номзод судьялик лавозимига муносиб, деб топилди. Шундан бир нафари муддатсиз даврга, уч нафари янги ваколат муддатига ва саккиз нафари ваколат муддати даврига қайта тайинланди.
Н.Абдураимова, ЎзА