
Ўзбекистон халқаро миқёсда турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни амалга оширмоқда. Айниқса, кейинги йиллардаги очиқлик сиёсати туфайли халқаро даражада амалга оширилаётган лойиҳалар салмоғи кўпайди.
Бу эса халқаро даражада ҳал қилиниши мумкин бўлган ишлар, низолар учрашини англатади. Шу маънода судьялар нафақат миллий қонунчиликни, балки халқаро ҳужжатлар, шартномаларда назарда тутилган меъёрларни билиши зарур.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Судьялар томонидан иқтисодий ишлар бўйича низоларни кўриб чиқишда халқаро шартномалар нормаларини қўллаш масалалари” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда ҳудудлардан иқтисодий ишлар бўйича судьялар онлайн шаклда, Тошкент шаҳрининг иқтисодий судлов ҳайъати судьялари эса бевосита иштирок этди.
Тренингни Германиянинг Мартин-Лютер университети профессори Азар Алиев олиб борди.
А.Алиев ўз сўзида Ўзбекистон бугун очиқ мамлакат эканини, бу эса халқаро алоқалар, айниқса инвестициявий муносабатлар ривожланишига йўл очганини таъкидлади.

Маърузачилар томонидан одил судловни таъминлашда Ўзбекистон ратификация қилган халқаро нормаларни қўллаш тартиби, халқаро нормаларни қўллаш бўйича амалиётда вужудга келаётган муаммолар ва уларни самарали ҳал этиш масалалари ҳамда судьяларни тегишли ахборот ва меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллаш бўйича судьялар учун тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бу юзага келаётган ноаниқликларни бартараф қилишда муҳим ўрин тутади.
Н.Абдураимова, ЎзА