
Тошкент шаҳар Халқ депутатлари кенгашида Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакуловнинг тақдим этган ҳисоботи асосида депутатлар томонидан банк соҳасида таклифлар билдирилганди.
Мазкур таклиф бўйича, суд раиси томонидан берилган таклифга кўра, “Ипотека банк” АТИБ Меҳнат филиали биносида мазкур банкнинг кредит хизматини амалга ошириш бўйича масъул ходимлари билан фуқаролик ишлари бўйича Мизо Улуғбек туманлараро суди судьялари томонидан семинар-тренинг тарзидаги давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди...

– Сўнгги йилларда юртимизнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, иқтисодий муҳитни яхшилаш ва фаровон турмуш даражасини янада ошириш борасида, фуқароларимизга тижорат банклари томонидан турли хил йўналишдаги кредит маблағлари ажратиляпти. Молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш ва барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сон “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди, - деди учрашувда сўзга чиққан Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари Омон Саттаров.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасур Сирожев ҳам кейинги йилларда фуқаролик ва иқтисодий судларга банк кредит соҳасида кредит маблағларини белгиланган вақтида қайтармаслик оқибатида, кредит маблағларини жисмоний ва юридик шахслардан ундириш борасидаги даъво аризалар сони кескин ошганлиги кузатилаётганини тилга олди.

– Банклар томонидан кредит маблағларининг таъминот ҳужжатларига эътибор қаратилмаяпти. Кредит олган жисмоний ва юридик шахслар томонидан пул маблағларини қайтариш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслигига етарлича ўрганилмаслиги оқибатида кредит олган шахслар кейинги вақтларда банкрот аҳволга келиб қолаяпти. Бунинг натижасида аҳоли орасида банклар ва судлардан норозилик кайфияти кўпайганлик ҳолатлари каби салбий ҳолатлар мавжуд, - деди судья.
Судьялар банк ходимлари кредит маблағи ажратилаётган вақтда, кредит олувчининг бизнес режаси мавжудлиги, кредит таъминотини таъминлаш имкони бор ёки йўқлигига ҳам эътибор қаратиш лозимлигини тушунтириб ўтишди.
Шунингдек, банклар томонидан имкон қадар пандемия шароитини ҳисобга олган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга имконият беришни, оилавий турмуш даражаси оғир аҳволдаги фуқароларни жамият томонидан қўллаш даражасини ошириб, кечиктирилган кун учун жаримани имкон қадар ҳисобламаслик ёхуд ушбу суммани кечиктириб бўлсада тўлаш учун имкон бериш каби чораларни кўриш тавсия этилди.
Ўтказилган очиқ мулоқот натижасида кредит маблағларини ажратиш ва ундириш борасидаги юзага келган таклифлар бўйича тегишли тартибда юқори турувчи ташкилотларга асослантирувчи таклифлар билан мурожаат этишга келишиб олинди.