Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни суд-ҳуқуқ тизимига доир қонунчиликдаги янгиликлар билан яқиндан таништириш мақсадида “Судья ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Урганч давлат университетида юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабалар иштирокида ўтказилган учрашувда Жиноят ишлари бўйича Урганч туман судининг раиси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ёшлар ўртасида содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлилига тўхталиб, жиноятга сабаб бўлаётган омиллар мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.
– Мазкур учрашувни ўтказишдан асосий мақсадимиз ёшлармизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни судлар фаолияти билан яқиндан таништиришдир, – дейди Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди раиси Иномжон Усмонов. – Мулоқотларда мамлакатимизда инсон қадри ва манфаатларига қаратилган ислоҳотлар, ҳар бир шахснинг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилувчи одил судлов тизими, судларга мурожаат қилиш тартиби ва суд интерактив хизматларидан фойдаланиш ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз.
[gallery-25620]
Очиқ ва самимий ўтган учрашувда одам савдоси, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби жиноий ҳаракатлар ҳамда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция, Конституциямиз ва миллий қонунчилигимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асослари аниқ белгилаб қўйилганлиги таъкидланди.
– Ушбу учрашувда иштирок этиб, судьялик касбининг машаққати, давлат номидан қарор қабул қилишнинг масъулиятини англадим, – дейди УрДУ талабаси Сирожиддин Нуриллаев. – Судга низолашиб келган икки тарафдан ким ҳақ эканлигини аниқлаш, уларга қонун талабларини тўғри тушунтира олиш жараёнлари каби судьяларнинг кундалик фаолиятидан ўрин олган ишлар аниқ мисоллар билан бизга тушунтирилди. Шунингдек, суд тизимида “Рақамли суд” концепцияси жорий этилаётганлиги ва унинг фуқаролар учун қандай қулайликка эга эканлигини ҳам билиб олдик.
Тадбирда тенгдошлари орасида жиноят содир этилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича иштирокчиларнинг фикри ва таклифлари ҳам эшитилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари