Фарғона вилояти Абу Али Ибн Сино номидаги Риштон жамоат саломатлиги техникуми биносида талаба ёшлар билан “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг раиси А.Розиқов ҳамда судьялар М.Умарова ва О.Жияновлар, техникум директори К.Рўзалиев ҳамда ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Қайд этилганидек, коррупция барча жамоатчилик институтларини нормал фаолият юритиши ва механизмига путур етказади, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келади, жамиятда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни вужудга келтиради ва мамлакат хавфсизлигига хавф туғдиради.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврдаёқ коррупцияга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш, соҳасидаги қонунчилик базасини яратиш бўйича изчиллик билан, мунтазам равишда туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ҳамда самарали ва мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда коррупциянинг самарали олдини олиш, давлат қурилиши ва бошқарувининг барча соҳаларида демократик ислоҳотларни ўтказиш, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган ва Конституцияга асосланган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.
Мазкур ҳуқуқий база 18 та кодекс, 50 дан ортиқ қонун ва 100 дан ортиқ қонуности ҳужжатларини ўз ичига қамраб олади.
Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунлар коррупцияга қарши курашишда анча аҳамиятли ҳужжатлар ҳисобланади.
Оилавий-маиший зўравонлик – оиланинг бир аъзосига нисбатан бошқа бир аъзоси ёки аъзолари томонидан мунтазам давом этиб келувчи, такрорланиб турувчи зўравонлигидир ва у асосан оила ичида рўй беради. Жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонлик каби кўринишларда намоён бўлиши мумкин.
Бунинг учун Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ишонч телефони ишга тушган. “Ишонч телефон”лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ва энг асосийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади.
Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди, чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига даҳл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади.
Маълумки, соғлом оилани шакллантиришнинг асосий шартларидан бири аёлнинг биологик ва маънавий етук ёшда турмуш қуришидир. Уларнинг оилавий ҳаётга руҳий, жисмоний, тиббий, маънавий жиҳатдан тайёр эмаслиги бир қатор салбий оқибатларга сабаб бўлади. Чунончи, фарзандни тарбиялаш, турмуш ўртоғи ва оила аъзолари билан муносабатларни ўрнатиш, рўзғор ишларини юритишда қийинчиликларга дуч келади. Психологик етуклик шахснинг турли ҳаётий вазиятларни тўғри баҳолай олишидир. Унда ҳамдардлик, ҳамфикрлик, ғам-ташвишга шериклик, сабр-тоқатлилик каби хусусиятлар мужассам. Психологик етуклик шахс хулқининг турли шароитларга мослашувчанлигида намоён бўлади.
Учаршув сўнгида техникум ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига судьялардан жавоблар ва ўзларини қийнаётган масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар олишди.