Судларга мурожаатларнинг ортгани яхшими...
Жиззах вилояти судлари фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлари таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Жиззах вилоят фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлари бўйича судлари судлов ҳайъати раисларининг жорий йил 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахбороти тингланди.
Таъкидландики, Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 15 минг 114 та, ўтган 2021 йилнинг шу даврида 9 минг 276 та иш, шундан 11 минг 958 та (2021 йилда 7 минг 645 та) иш бўйича ҳал қилув қарор чиқарилган бўлиб, шундан 1 минг 331 та (760 та) ажрим чиқарилган, 5 та (7 та) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорига доир иш кўрилган бўлса, 1 минг 820 та (864 та) материал тартибида ишлар кўриб чиқилган.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 13 минг 289 та фуқаролик ишлари кўриб якунланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 минг 884 тага кўпайган. Шу билан бирга, судлар томонидан низосиз талаблар бўйича 6 минг 638 та фуқаролик иши бўйича 18 миллиард 616 миллион 269 минг 700 сўмлик қарздорликни ундириш тўғрисида суд буйруқлари чиқарилган бўлиб, буларнинг 350 таси, яъни 3 миллиард 645 миллион 169 минг 343 сўмлик суд буйруқлари кредит низолари билан боғлиқ аризаларни ташкил этганлиги қайд этилди.
Бир судьяга ўртача ойлик иш ҳажми 168 тадан, суд буйруқлари бўйича ўртача ойлик иш ҳажми 73,7 тадан, жами ўртача ойлик иш ҳажми 241,7 тадан тўғри келган. Кўрилган 13 минг 289 та фуқаролик ишининг 11 минг 958 таси бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, шуларнинг 10 минг 334 таси қаноатлантирилиб, 1 минг 624 таси рад этилган. 300 та фуқаролик иши – иш юритишдан тугатилиб, 1 минг 31 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

– Фуқаролик ишларининг 193 таси даъвогар арз қилган талабларидан воз кечгани ва суд бу воз кечишни қабул қилганлиги сабабли иш юритишдан тугатилган бўлса, 26 та иш тарафлар келишув битими тузган ва у суд томонидан тасдиқланганлиги натижасида тугатилган, – дейди Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акрам Шукуров. – Кўрмасдан қолдирилган даъво аризаларнинг 285 таси айнан даъвогарнинг аризасига асосан даъво кўрилмаган бўлса, 323 таси тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилган.
Тадбирда, жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ягона суд амалиётини шакллантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йилнинг 9 ойи давомида 1 минг 747 шахсга нисбатан 1 минг 279 та жиноят иши кўриб тамомланган. Шундан 1 минг 505 нафар шахсга нисбатан 1 минг 54 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган, 238 шахсга нисбатан 221 та жиноят иши тугатилган, 4 шахсга нисбатан 4 жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноят ишларининг кўрилиши 462 нафар шахсга ёки 26,4 фоизга, ишлар сони 307 тага ёки 24 фоизга кўпайганлиги қайд этилди. Ҳукм чиқарилган ишлар сони 279 тага ёки 26,4 фоизга, тугатилган ишлар сони 28 тага ёки 12,6 фоизга кўпайган.
Ушбу даврда 1 минг 417 нафар шахсга нисбатан 1 минг 4 та жиноят иши бўйича жазо тайинланган ва ҳукм чиқарилган бўлиб, шундан 459 нафар шахсга нисбатан 346 та жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ, 958 нафар шахсга нисбатан 658 та жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 23 шахсга нисбатан эса 11 та жиноят иши бўйича шартли ҳукм чиқарилган ва жами 1 минг 440 нафар шахс судланган.

Ўтган йилга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинлаш 181 тага ёки 39,4 фоизга, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш 239 тага ёки 24,9 фоизга, судланган шахслар сони 428 тага ёки 29,7 фоизга кўпайган. Ҳисобот даври давомида жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўришда 167 нафар шахснинг қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, суд залидан озод қилингани қайд этилди.
Шунингдек, барча инстанцияларида 14 нафар шахс оқланган бўлса, 355 шахсга нисбатан 226 та жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов органи томонидан нотўғри қўйилган айбловлар ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган.
– Жиноят судларининг жазо тайинлаш амалиётини таҳлил қиладиган бўлсак, жазо тайинлаб ҳукм чиқарилган жиноят ишлари бўйича 117 нафар шахсга ёки 8,1 фоизига жарима, 448 шахсга ёки 31,1 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 4 шахсга ёки 0,2 фоизига нисбатан мажбурий жамоат ишлари, 383 шахсга ёки 26,5 фоизига нисбатан озодликни чеклаш, 459 шахсга ёки 31,8 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш, 5 шахсга ёки 0,3 фоизига нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган бўлса, 23 нафар шахсга ёки 1,5 фоизига нисбатан шартли ҳукм қилинган, – дейди Жиззах вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Раҳматилла Орзиқулов. – Ўтган йилга нисбатан жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларини тайинлаш кўпайганлигини кузатишимиз мумкин.
Жиззах вилоятидаги иқтисодий судлар томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида иқтисодий соҳада қонунчиликни мустаҳкамлаш, хўжалик юритувчи субъектлар, хусусан кичик бизнес субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, суд фаолиятини самарали ташкил этиш ва одил судловни юқори савияда амалга ошириш чораларини кучайтиришга қаратилган аниқ тадбирлар амалга оширилди. Бу борада вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

– Ўтган 2021 йилдан 2022 йилга жами 552 та даъво аризаси ва аризалар қолдиқ бўлиб ўтган ҳамда 2022 йилнинг биринчи чораги мобайнида Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, туманлараро ва туман иқтисодий судлари томонидан жами 9 минг 342 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилиб, ҳисобот даврининг охирига жами 693 та иқтисодий ишлар қолдиқ бўлиб ўтган, – дейди Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаҳҳаров.
– Кўрилган иқтисодий ишларнинг 78 таси ёки 0,83 фоизи Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, 3 минг 873 таси ёки 41,46 фоизи Жиззах туманлараро иқтисодий суди, 682 таси ёки 7,3 фоизи Ғаллаорол туманлараро иқтисодий суди, 2 минг 94 таси ёки 22,42 фоизи Зомин туманлараро иқтисодий суди, 1 минг 978 таси ёки 21,17 фоизи Дўстлик туманлараро иқтисодий суди, 637 таси ёки 6,82 фоизи Фориш туман иқтисодий судининг ҳиссасига тўғри келади.
Маълумотларга эътибор берган бўлсангиз, нафақат фуқаролик ишлари бўйича судга, балки бошқа судларга ҳам ариза билан мурожаат қилганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортган. Бу бир томондан яхшилиги, фуқароларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб етаётганидан далолат берса, иккинчи томондан ҳали тизимларимизда, жумладан судларимизда ҳам аҳолини қийнаётган муаммолар мавжудлигидан далолат беради.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА