Мамлакатмизда фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни кўриш ҳажмининг йилдан-йилга ўсиши одил судловни амалга оширишни янада осонлаштириш, соддалаштириш ва тезлаштириш ҳуқуқшунос олимлар ва соҳа мутахассислари учун долзарб масалалардан бирига айланган.
Зеро, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини тиклашда одил судлов таъсирчанлигини ошириш барча замонларда ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу иш халқнинг одил судловга бўлган ишончини ошириб, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятнинг янада юксалишига хизмат қилган.
Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ана шундай эзгу мақсадларга қаратилгани халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, 2021 йил 16 сентябрда қабул қилинган “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ҳам бунга яққол далилдир. Шунга мувофиқ Фуқаролик процессуал кодексига соддалаштирилган тартибда иш юритиш билан боғлиқ янги 251-боб киритилди.
Мамлакатимиз одил судловида яна бир янгилик бўлган соддалаштирилган тартибда иш юритиш дунё тажрибасида қандай амалга оширилган? Бу суд пайдо бўлишининг илдизи қайси мамлакатга бориб тақалади?
Айтиш керакки, бу тартибдаги оддий, содда суд мажлисининг юзага келиши Қадимги Рим давлати билан бевосита боғлиқдир. Ўтмишда бу мамлакатда суд ишларини тезроқ, соддароқ кўриш учун соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий қилинган.
Бунда даъвогар судга даъво ариза билан мурожаат этган. Претор шу асосда формал суд процесси ўтказиб, ишни кўриш натижасида даъвогарга даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришдан рад этиш тўғрисида хат (формула) тақдим этиш тартибини жорий этган. Мазкур формал суд мажлисига тарафларнинг келмаслиги ишни кўришнинг тезлашиши ва осонлашишига сабаб бўлган.
Қадимги Римда бошланган содда суд мажлислари кейинчалик бошқа давлатларнинг қонун нормаларида ўз аксини топа бошлаган. Масалан, Англия фуқаролик процессуал ҳуқуқида ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш 1855 йилда бошланган. Англия суд тизими соддалаштирилган тартибда иш юритиш тарафларнинг инсофсиз ҳаракатлари ва муддатлари чўзилишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади, дея ҳисоблайди ва ишларни соддалаштирилган тартибда кўришга катта эътибор қаратади.
Англия қонунчилигига кўра, ишларни умумий тартибда кўриб чиқишнинг асосий омили бу тарафлар айби ёки айбсизлигининг тўлиқ исботланиши ҳисобланади. Ушбу ҳолатда тарафларнинг тақдим этган далилларига асосланиб қуйидаги қарорлардан бири қабул қилиниши мумкин: агар жавобгарнинг далиллари ишонарли деб тан олинса, даъвогарнинг талаби рад этилиб, оддий иш юритиш тартибига ўтказилади. Агар даъвогарнинг позицияси ишонарли, деб топилса, бундай ҳолатда суд қарори чиқарилиб, бу ҳолатда иш судгача бормайди. Мабодо жавобгарнинг позициясига шубҳа уйғонса, ишни оддий тартибда кўришга эҳтиёж туғилади. Аммо, бу ҳолатда ишни алоҳида тартибдаги яъни, 1-2 ҳафтада муҳокама этиладиган қисқа муддатли иш тартибида кўришга юборади.
Германия Фуқаролик процессуал кодексида 1887 йил қабул қилинган соддалаштирилган иш юритиш тартиби билан боғлиқ нормаларда фақатгина пул ва қимматли қоғозлар билан боғлиқ низолар юзасидан соддалаштирилган иш юритиш тартибида судга мурожаат этиш мумкин.
Германия Фуқаролик процессуал кодексида кўрсатилган соддалаштирилган тартибда иш юритишдаги низо турига қўйилган талаблар бизнинг Фуқаролик процессуал кодексимизда ҳам назарда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 2792-моддасига биноан фақатгина баҳоланадиган мулкий низолар бўйича даъво аризалар соддалаштирилган тартибда иш юритишга қабул қилиниши кўрсатилган. Германия қонунчилигидан фарқли ўлароқ биз кўпроқ Россия қонунчилиги тажрибаси асосида соддалаштирилган тартибда иш юритиш учун баҳо цензи қўйилган бўлиб, унга кўра, даъвонинг баҳоси жавобгар сифатида юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса кўрилиши мумкинлиги белгиланган.
Аммо, даъво баҳоси билан боғлиқ мулкий низолар бўйича талаб қўйилганига қарамасдан ишларнинг кўрилишини тезлаштириш ва осонлаштириш учун қонунчилигимиз даъвогарнинг илтимосномаси ҳамда жавобгарнинг розилигига асосланиб, бошқа ишларни ҳам соддалаштирилган тартибда кўришга рухсат беради. Бунда фақатгина ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса, билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса, янги тартиб бўйича кўриб чиқилмайди.
Шунингдек, ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса, ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади. Бунда ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди. Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади. Тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтириш, эътироз ва важларни текширади, далиллар билан танишиб, ҳал қилув қарори қабул қилади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач, қонуний кучга киради. Борди-ю, апелляция шикояти (протести) берилса, ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Янги Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик процессуал қонунчилигида юз бераётган ўзгаришлар инсон манфаатини таъминлаб, қадр-қимматини улуғлашга, фуқаролар учун янада қулай, осон тартибларни жорий этиб, уларни қийнаётган муаммоларни одилона, тез ҳал этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Рамазон Назаров, Сурхондарё вилоят суди
судья катта ёрдамчиси